10:43 / 13.09.2021
13931
“Супермаркет тизими тез ривожланишига сабаб, у давлат иштирокидан холи соҳа” – Тимур Ишметов

“Ҳукуматнинг дўконлари ёки ресторанлари йўқ, шунинг учун бу соҳада тезда олдинга силжиш мумкин”, – дейди молия вазири Financial Times’га берган интервьюсида. Нашр ҳукумат “супермаркетлар тажрибаси”дан фойдаланмоқчилигига эътибор қаратади.

Financial Times нашри Ўзбекистонда супермаркетлар сектори тез ўсиб 34 миллион аҳолига эга Марказий Осиёдаги энг йирик озиқ-овқат бозори яқин йиллар ичида анъанавий шарқ бозорларидан онлайн етказиб бериш тизимига ўтиши кутилаётганига эътибор қаратган.

“Aллақачон бу соҳага ўн миллионлаб долларлик хорижий сармоя жалб қилинган. Европа тикланиш ва тараққиёт банки йирик супермаркетлар тармоғидан бири бўлган Korzinka’нинг 40 миллион долларлик улушини сотиб олди ва француз озиқ-овқат дўкони Carrefour ўтган йили 100 миллион долларлик сармоя билан Ўзбекистон бозорига кирган биринчи халқаро чакана сотувчи бўлди”, – дейилади мақолада.

Нима сабабдан супермаркетлар тизими тез ривожланди?

Молия вазири Тимур Ишметовга кўра, соҳа давлат иштирокидан холи.

 – Бугунги кунда энг катта ўзгаришлардан бири – озиқ-овқат чакана савдосидир. Бу соҳада ишларнинг тез суръатларда ривожланишининг сабаби шундаки, у ҳукумат иштирокидан холи бўлган саноқли соҳалардан биридир. Ҳукуматнинг дўконлари ёки ресторанлари йўқ, шунинг учун бу соҳада тезда олдинга силжиш мумкин.

Ҳукумат супермаркетлар тажрибасидан фойдаланмоқчи

Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президент бўлганидан буён Ўзбекистон ўз иқтисодиётини ислоҳ қилиб, уни чет эл ишбилармонлари учун жозибадор қилди. Расмийлар ва чакана сотувчиларнинг айтишича, мамлакатда чакана савдо кенгайишининг асосий сабаби – ҳукумат иштирокининг пастлигидир.  Энди ҳукумат чакана савдо соҳасида эришилган муваффақиятни такрорлаш учун кўпроқ бизнес соҳалари хусусий қўлда бўлишини хоҳламоқда.

Зафар Ҳошимов: Ўзбекистонда бундан-да эркинроқ саноатни билмайман

2017 йилда валюта бозори эркинлаштирилди. Корхона ва истеъмолчилар учун солиқларни пасайтириш билан бир қаторда товар нархларини тартибга солиш бекор қилинди, чакана савдо соҳаси кенгайтирилди”, – дейди бозорда 25 йилдан бери фаолият юритаётган Korzinka’нинг ижрочи директори Зафар Ҳошимов.

“Мен Ўзбекистонда бундан-да эркинроқ саноатни билмайман”, – деди Ҳошимов.

Унинг ҳисоб-китобларига кўра, умумий чакана бозорининг қиймати йилига 6-8 миллиард долларни ташкил қилади, шундан супермаркетлар ёки “уюшган чакана савдо” улуши атиги 7-10 фоизни ташкил қилади. Aммо у келгуси беш йил ичида бу улуш камида уч баробар ошиб, 30 фоизга кўпайишини кутмоқда.

Супермаркетлар ҳамон янги мева-сабзавот сотишда бозорларга ютқазмоқда

Makro супермаркетлар тармоғи асосчиси Роман Сайфулин эса  дўконлар ҳали ҳам янги мева-сабзавот сотишда бозорларга ютқазаётганини айтди.

“Биз электрон тижоратга таяндик, лекин биз бугун у кўп пул келтирмаслигини тушунамиз”, дейди Сайфулин.

“Электрон савдога катта миқдорда пул тикдик, аммо унинг кўп фойда келтирмаётганлигини ҳам тушунамиз. Бу йўналиш онлайн тўлов тизимлари, одамларнинг ишончи, буюртмаларни бажариш, маданиятга ҳам боғлиқ. Бу ерда кам фойда билан ишлаш 2-3 йил давом этади. Ким биринчи бўлса, бозорни яхши ҳис қилган бўлади. Супермаркет бизнеси  “спринт” эмас, балки марафон”, – дея қўшимча қилади Сайфулин.

 Carrefour Марказий Осиёга биринчи бўлиб қадам қўйди

Озиқ-овқат сотувчи дунёдаги ўнта йирик сотувчилардан бири бўлган Carrefour, “ЯИМнинг барқарор ўсиши ва амалга оширилган ислоҳотлар” туфайли пойтахт Тошкентда дўкон очиб, Марказий Осиёга биринчи қадамини қўйди.

“Мамлакатга келган биринчи халқаро озиқ-овқат сотувчиси бўлиш, бу мамлакат қандай йўналишда кетаётганидан далолат беради ва биз бунга ўз ҳиссамизни қўша оламиз», – дейди Aлен Бежжани, БAAда жойлашган Мажид Aл Футтаим раҳбари, Carrefour маҳаллий оператори.

Ўтган йили Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган бошқа халқаро чакана сотувчилар, масалан, Россиянинг FixPrice дискоунтери ва Беларуснинг “Барака маркет”лари йил охиригача бутун мамлакат бўйлаб 400 та кичик супермаркетлар очмоқчи.

Супермаркетлар тармоғи кенгая боради

Мамлакат супермаркетлари айланмасининг ярмини ташкил этувчи Korzinka 2025 йилга келиб ўз тармоғини 68 тадан 150 тагача кенгайтирмоқчи. Carrefour учта дўкон очди, фақат шу йилнинг ўзида тўрт ёки олтита дўкон очиш режалаштирилган.

Дўконлар сони бўйича Ўзбекистоннинг ҳозирги етакчиси “Makro”да энг катта кенгайиш кутилмоқда: 109 та супермаркет ва экспресс дўконлар. Унинг ижрочи директори Роман Сайфулиннинг сўзларига кўра, Makro яқин беш йилда 800 дан 1000 гача дўкон очишни режалаштирган.

Бозор ҳажмини аниқлаш мушкул

Бозор ҳажмини аниқ баҳолай олмаймиз, чунки Ўзбекистон чакана савдосида ҳануз устунлик қилаётган деҳқон бозорларини кузатиб бориш ва уларнинг миқдорини аниқлаш қийин. Бироқ компаниянинг маълумотлари ва баёнотлари умумий ўсиш эҳтимоли борлигини кўрсатади.

Top