18:57 / 18.09.2021
3947

“Ўзимизни фақат ўзимиз тушунамиз” — Ўзбекистонда илк бор ногиронлиги бўлган шахслар учун медиа-тренинг ташкил этилди

Лойиҳа ахборот маконида ногиронлиги бор шахсларнинг иштирокини кенгайтириш ва ўз муаммоларини ўзлари ёритишга имкон беришни кўзлаган.

Фото: KUN.UZ

Ногиронлиги бўлган шахслар учун медиа-тренинг Тошкент шаҳрида “Шароит плюс” ногиронлар жамоат бирлашмаси томонидан ва "Замин" фонди, "Зиё форум", "Believe Ven" ҳамкорлигида 16-18 сентябр кунлари ташкил этилди.

Медиа лойиҳадан мақсад ногиронлиги бўлган шахсларга ОAВда ишлаш бўйича фундаментал билимларни беришдир.

“Бизнинг дардимизни ўзимиздан бошқа ҳеч ким тушунмайди. Ўз муаммоларимизни ўзимиз кўтариб чиқишимиз керак деб ўйлайман. Нафақат муаммоларимиз, балки нималарни ҳис қилаётганимизни ҳам ўзимизгина яхши ёрита оламиз. Шу сабабли, бизга журналистика ва блогингда фундаментал билимлар зарур”, - дейди тренинг иштирокчиси Мастура Шермуҳаммедова. 

Уч кун давомида амалиётчи журналист ва блогерлар материаллар устида ишлаш, контент яратиш ва медианинг турли жиҳатлари ҳақида гапириб, иштирокчиларнинг саволларига жавоб беришди. Лойиҳага Kun.uz мухбири ҳам мураббий сифатида таклиф қилинди.

“Ушбу курсга мени таклиф қилишганида, рости, бизда ҳам ижтимоий масъулиятли инсонлар борлиги, волонтёрлик ҳаракати жонланаётганини ўйлаб қувондим. Инклюзивлашган жамият — бу эзгу, ўзаро меҳрли, ҳамжиҳат, етук жамият.  

Бирор билим, тажриба ёки имкониятга эга бўлсак, уни кўнгилли бўлиб улашиш бизни замонавий маданиятли ва масъулиятли инсон сифатида юксалтиради. Ушбу дахлдорлик ҳиссидан келиб чиқиб мазкур лойиҳага мени таклиф қилишганидан хурсандман. Мен бу дарсдан лаззат олдим. Умид қиламанки, эвазига тингловчиларга нимадир бера олдим”, — дейди адлия вазири маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова.

“Шароит плюс” ногиронлар жамоат бирлашмаси раиси Муҳаббат Раҳимова Кun.uz’га ушбу лойиҳага қўл уришдан аввал ногиронлик мавзуси медиа маконда кам ёритилиши аниқланганини айтди.

“ОAВда ногиронлиги бор шахслар қатнашувининг ўсиши жамоатчиликнинг ногиронлиги бўлган шахслар аҳволи бўйича хабардорлигини ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашга ёрдам беради”, — дейди у. 

Лойиҳа давомий бўлиши кутилмоқда.

Top