21:27 / 21.09.2021
5874
Президент Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳузуридаги болалар клиникасини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон тиббиёт институти ҳузуридаги болалар клиникасини бориб кўрди.

Давлат раҳбари бундан тўрт йил олдин унинг қурилишига тамал тоши қўйган эди. Мазкур мажмуа шу ойда фойдаланишга топширилди.

Клиника стационар шароитда йилига 3 минг 600 нафар, амбулатор тарзда 22 минг 400 нафар беморга хизмат кўрсатиш қувватига эга. Бу ерда туғма ва сурункали касаллиги бор болаларга юқори технологиялар асосида ташхис қўйилади ва даволанади. Болалар кардиохирургияси, кичик инвазив хирургия, нейрохирургия, офтальмология, оториноларингология, юз-жағ хирургияси, ортопедия ва гинекология бўлимлари замонавий ускуналар билан жиҳозланган.

Шифохонада 300 га яқин киши ишлайди. Профессор-ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари Жанубий Корея, Япония, Австрия, Россия каби мамлакатлардаги илғор клиникаларда тажриба орттириб келган.

Президент бу ерда даволанаётган болаларни кўриб, оналари билан суҳбатлашди.

- Оналарнинг бахти - фарзанд. Ана шу бахтни асраш, бемор болаларнинг тезроқ соғайиши, соғломлари касал бўлмаслиги учун ҳамма ҳаракатларни қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев.

Институтда тиббий таълим, илм-фан ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш учун замонавий шароитлар яратилган.

Давлат раҳбари шу ерда амалиёт ўтаётган институт талабалари билан ҳам мулоқот қилди. Тиббий таълим муассасаларида ахборот технологиялари бўйича дарс соатларини кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Top