15:22 / 21.09.2021
10566
«Тошкентдан Самарқандгача 5 қатор дарахт экамиз» – Шавкат Мирзиёев 

Нукус шаҳри атрофидаги “яшил белбоғ” майдони яна 200 гектарга кенгайтирилади. Келгуси беш йилда Оролнинг қуриган ҳудудида яна 1 миллион гектар ўрмонзор ва бутазорлар барпо этилади. Шунингдек, шаҳар ва туманлар марказида жами 280 гектар, жумладан, Нукус шаҳрида 50 гектар майдонда жамоат парклари ва яшил майдонлар ташкил этилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Йўл бўйи ҳудудлари, маҳаллалар, корхоналар, ижтимоий объектлар, далалар атрофида ҳар йили 15 миллион туп дарахт, жамоат жойларида манзарали буталар экилади.

Шунингдек, келгуси беш йилда Қўнғирот, Мўйноқ, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида жами 550 минг гектар ҳудудда табиий қўриқхоналар, келгуси йилдан бошлаб, 1 миллион гектар ҳудудда Оролқум миллий табиат боғи ташкил этилади. Натижада, Қорақалпоғистонда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдони 4 миллион гектарга етказилади. 

Оролбўйи ҳудудида соғлиқни сақлаш, таълим, ичимлик суви таъминоти, ёшлар тадбиркорлиги, аёллар бандлиги йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштириш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигидаги Траст жамғармасига жами 1 миллиард доллар грант ва имтиёзли кредитлар жалб қилинади.

Жорий йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан Оролбўйи минтақаси “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилинди. Шу муносабат билан, қабул қилинган дастуримизга мувофиқ, аниқ лойиҳаларни молиялаштириш учун 2,5  триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Экилган кўчатларнинг қуриб қолиши фақат Қорақалпоғистоннинг эмас, бутун Ўзбекистоннинг муаммоси. Биз экамиз, лекин кўкариб кетишига эътибор бермаймиз. Ҳозир янги лойиҳани амалга оширяпмиз – Тошкентдан Самарқандгача 5 қатор дарахт экамиз. Ҳар бир ҳудудни аҳолига бўлиб берамиз ва назорат қиламиз. Мисол учун, дарахт 1 метр бўлса бунча, 2 метр бўлса бунча деб нарх белгилаймиз ва ҳақ тўлаймиз.

Худди шундай ташаббусни Қорақалпоғистон раҳбарияти ҳам Нукусдан Бўзатовгача амалга ошириши мумкин”, дея президент сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top