16:10 / 22.09.2021
31082
Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи ўзгарди. Аввалги бошлиқ жарима майдонига жойлаштирилган «Дамас» воқеасидан кейин машҳур бўлганди

Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ИИБга янги бошлиқ тайинланди. Аввалги бошлиқ вазифасидан озод этилиб, бошқарма ихтиёрига олинган.

Бугун, 22 сентябр куни Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Пахтачи тумани ҳокимлигида тумандаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аҳволи, шахсий таркиб ўртасидаги хизмат интизоми ҳамда қонунчиликка риоя қилиш масалаларига бағишланган учрашув ўтказган.

Учрашув аввалида вилоят ИИБ бошлиғи ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан туман ИИБ раҳбарлигига майор Мухтор Аҳмедов тайинланганини эълон қилиб, уни шахсий таркибга таништирган.

Қайд этилишича, Пахтачи тумани ИИБнинг собиқ бошлиғи 20 сентябрь куни лавозимидан озод қилиниб, бошқарма ихтиёрига олинган. Айни вақтда унинг кейинги иш фаолияти ҳақида маълумот йўқ.

Муқаддам Самарқанд вилояти Иштихон тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган майор Сирожиддин Саъдуллаевич Ортиқов 2020 йилнинг майидан буён Пахтачи тумани ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаётганди.

  • Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг майида Пахтачи туманида «Дамас» машинаси йўлини тўсиб қўйган машинага сигнал чалгач, бу машинадан тушиб келган туман ИИБ бошлиғи С.Ортиқов туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи М.Тоғаевга «Дамас»ни жарима майдончасига жойлаштиришни буюргани акс этган видео тарқалганди. Кейинроқ Тоғаевга ҳайфсан берилган, Ортиқовнинг хатти-ҳаракатлари эса Интизомий кенгашда кўриб чиқилиши белгиланганди.
Top