15:19 / 28.09.2021
3587
«Осон кредит!» ёхуд киберфирибгарлар найрангидан эҳтиёт бўлинг

Kun.uz'га интернет орқали кредит расмийлаштиришни ваъда қилиб, фуқароларнинг пластик карталаридан фирибгарлик йўли билан пул ечиб олинаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди.

Маълум қилинишича, фирибгарлар Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган «OSON» тўлов тизими номидан фойдаланиб, телеграм мессенжерида канал ва бот яратишган. Канал муаллифлари мурожаатчиларга 5 млн сўмдан 50 млн сўмгача кредитни расмийлаштириб бериш учун уларнинг паспорт ва пластик карта маълумотларини сўрайди.

Шахсий маълумотлар тақдим қилингач, фирибгарлар фуқарога номаълум аккаунт орқали ёзиб, унинг пластик картасини рўйхатдан ўтказиш учун келган SMS кодни айтишини сўраган. Бунга сабаб сифатида улар томонидан картадаги пул миқдори назорат қилиб турилиши айтилган.

Мурожаатчининг айтишича, у шубҳали туюлгани учун номаълум шахсларга карта маълумотларини тақдим қилмаган. Бошқа компаниянинг танитувчи белгилари ва обрўйидан фойдаланган ҳолда фаолият юритувчи компания неча кишини чув туширгани маълум эмас.

Kun.uz билан суҳбатлашган «OSON» компанияси мутахассиси фирибгарлик йўли билан фуқароларнинг пластик карталаридан пул ечиб олаётган ушбу телеграм бот ва унинг муаллифларининг компанияга алоқаси йўқлигини билдирди. Маълум қилинишича, «OSON» компанияси ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали мижозларини шу каби сохта аккаунтлардан огоҳлантирган.

«Шунингдек, турли хил сотиб олиш ва сотишга мўлжалланган интернет сайтларида фирибгарлар сизнинг картангизга пул ўтказиш учун дея хавфсизлик кодини сўраши мумкин. Эҳтиёт бўлинг, картангиз маълумотларини учинчи шахсларга тақдим этманг ва SMS орқали келган кодни берманг», дейилади компаниянинг расмий баёнотида.

Аввалроқ Kun.uz'да эълон қилинган хайрия акцияларидаги моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож, даволаниш учун сўнгги умиди бўлган фуқароларнинг пластик карталарига тушган пуллар ҳам фирибгарлик йўли билан ечиб олинаётгани маълум қилинган эди.  

Top