15:09 / 01.10.2021
8809
Саакашвили Грузияга келганини айтди. У ўз тарафдорлари билан «сайловлар натижаларини ҳимоя қилмоқчи»

Грузиянинг собиқ президенти, кўп йиллардан буён қамоққа тушиш таҳдиди туфайли ўз ватанида бўлмаган Михаил Саакашвили айни вақтда Батумида бўлиб турганини маълум қилди. У Грузияга қайтиши ва грузияликларни 2 октябрь куни бўлиб ўтадиган маҳаллий сайловлар вақтида қўллаб туришини ваъда қилганди.

«Хайрли тонг Грузия, Грузиядан кетганимдан бери саккиз йил ўтибди», дея ёзган собиқ президент фейсбукдаги саҳифасида. 

Сиёсатчи шунингдек, Батумида эканлигини таъкидлаган видеоёзувни ҳам эълон қилди ва унда шундай деган: «Бу ерларни жуда соғингандим. Бугун орзум амалга ошди. Сизга Батумидан салом йўллайман ва барчани 2 октябрь кунги маҳаллий сайловларга боришга чақираман. Биз ғалаба қозонишимиз шарт ва ғалабани бирга нишонлаймиз».

Кадрлар хиралаштирилган ва Саакашвилининг айнан қаердалигини аниқлаштириб бўлмайди.

Грузия ИИВ ушбу сиёсатчи мамлакат чегарасини кесиб ўтгани ҳақидаги маълумотга эга эмаслигини билдирган. 

Саакашвили партияси матбуот хизматидагилар, ҳозирча унинг Грузияга келгани ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлай олмаслигини билдирган, РИА Новости хабарига кўра, бу маълумот аниқлаштирилмоқда. Саакашвилининг Украинадаги офисида эса у ўтган тунда Киевни тарк этгани ва айни вақтда чиндан ҳам Грузияда бўлиб турганини маълум қилишган.

«Грузия орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзе Саакашвили мамлакат ҳудудида эмаслигини таъкидлади. «Саакашвили Батумида эмас. Михаил Саакашвилининг видеоси Грузияда ёзилмаган», деди у.

Шу партия етакчиларидан яна бири Гиви Миканадзе «Саакашвили томонидан тарқатилган видеокадрлар» фейклиги ва «навбатдаги масхарабозлик» эканини таъкидлаган.

Кейинроқ Саакашвили фейсбукдаги саҳифасида яна бир бор ўз тарафдорларини 2 октябрь кунги сайловларга чиқишга, кейинги куни, якшанбада «сайлов натижаларини ҳимоя қилиш» учун Тбилиси томон юриш қилишга чақирди.

Собиқ президент шундай колонналардан бирига қўшилиш ниятида эканини билдирган. «Агар бунга қадар узурпатор ҳукумат мени қўлга олса, бу фақат бизнинг кучимизга куч қўшиши керак. Ҳар қандай ҳолда ҳам мен чекинмоқчи эмасман, ва умид қиламанки, сиз ҳам», дея ёзган Саакашвили.

Грузия ва Украинада очилган жиноят ишлари
Саакашвили Грузияни 2013 йилда тарк этган. Грузия прокуратураси унга тўртта модда бўйича жиноий ишлар очган, улардан иккитаси бўйича собиқ президент жазога ҳукм қилинган.

Сиёсатчи шу вақтга қадар Украинада яшаб келган, бу ерда у маълум вақт мобайнида Одесса области маъмурияти раҳбари лавозимини эгаллаган.

Саакашвили 2015 йил майида Украина фуқаролигини олган. 2017 йил июлида президент Петро Порошенко ўз фармони билан унинг фуқаролигини бекор қилган. Бу вақтда грузинларнинг собиқ президенти АҚШда бўлиб турганди. Украинанинг кейинги президенти Владимир Зеленский унга украин паспортини қайтарди, шундан сўнг у Саакашвили Украинага қайтди.

27 сентябрь куни Саакашвили Тбилисига авиачипта сотиб олгани, 2 октябрь куни кечқурун, Грузияда маҳаллий бошқарув органлари учун сайловлар якунланган вақтда у пойтахтда бўлишини маълум қилганди. У Киевдан Тбилисига шу куни учадиган самолётга авиачипта суратини ҳам илова қилганди.

«Сайлов участкалари ёпилгандан кейин эришган ғалабамизни ҳимоя қилиш учун ҳаммамиз шаҳарлар ва қишлоқлар кўчаларига чиқишимиз лозим. Мен бу жараёндан четда қололмайман. 2 октябрь кечки вақт Тбилисида бўламан», дея ёзганди ўшанда Саакашвили.

Грузия ҳукумати бир неча марта собиқ президент мамлакатга қайтган заҳоти ҳибсга олинишини маълум қилганди. Бу сафар ҳам ҳукумат вакиллари Саакашвилини уни қамоқхонага кузатиб қўйиш учун кутишаётгани ҳақида огоҳлантиришди.

Жорий йил февралида Грузия полицияси Михаил Саакашвили томонидан асос солинган «Ягона миллий ҳаракат» (ЯМҲ) мухолифат партияси етакчиси Никанор Мелияни ҳибсга олганди. У 2019 йилда тартибсизликлар уюштирганликда ва Грузия парламентига қилинган ҳужумда иштирок этганликда айбланган.

Саакашвили партияни бошқариш давомида ҳокимиятга эгалик қилиб келган, аммо 2012 йилги парламент сайловларида партия бизнесмен Бидзина Иванишвили томонидан асос солинган «Грузия орзуси» иттифоқига ютқазганди.

Агар «Грузия орзуси» эртага маҳаллий сайловларда 43 фоиздан кам овоз йиғса, келишувга кўра, 2022 йилда мамлакатда муддатидан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак бўлади.

Top