18:18 / 04.10.2021
15284
Оқ халат, таниш-билиш, дорилар... Шифокорлар кунида тиббиёт ходимларини нималар билан эслаймиз?

Бугун, 4 октябрь – Халқаро шифокорлар куни. Дам олинмайди, алоҳида нишонланмайди, ҳатто кўпчилик бу ҳақда билмайди ҳам. Энг қизиғи, тиббиёт ходимларининг ўзлари ҳам ҳордиқ чиқаришмайди, байрамни ҳам ўзлари ташкиллаштириб, ўзлари нишонлашади.

Фото: The Kiev Times

Сўнгги икки йил ичида тиббиёт соҳаси ниҳоятда жиддий синовларни бошдан кечирмоқда. Чунки замонавий дунё ҳар қанча тараққиётга эришган бўлмасин, пандемия билан биринчи марта дуч келмоқда. Коронавирус тиббий хизматнинг туб моҳиятини остин-устун қилиб ташлади, жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари соғлиқни сақлаш тизимлари ҳам унинг қаршисида довдираб қолишди, миллионлаб қурбонлар берилгани эса инсоннинг табиат қаршисида нақадар ожизлигини кўрсатиб қўйди.

Бугун шифокорлар куни. Хўш, бугунги кунда шифокор деганда биринчи навбатда нималар кўз олдимизга келади? Оқ халат, бир варақ тушунарсиз дорилар, навбатда диққатчилик, пора... Сўнгги йилларда булар ёнига “билимсизлик” деган тамға ҳам қўшила бормоқда. Қачондир жуда улуғланган касб эгалари кимларнингдир беминнат хизматкорига айланди, пахта терди, кўча тозалади, хуллас ўта маиший муаммоларга қоришиб, қадрсизланиб кетди. Қарс ҳам икки қўлдан чиқди – қадрсизлана борган сари тиб соҳиблари ҳам энг майда узатмани ҳам қайтармай қўйдилар. Иккита ноннинг пули ҳам тап тортмай олинаверди.

Вазият шу даражада чуқурлашдики, омма шифокорларни буткул порахўрликда айблади, шифокорлар маош ва таъминот ўта пастлигидан ўзларини бундай тутишга ҳақли ҳисоблай бошладилар. Яъни иллатли доирага кириб қолинди. Натижа ҳам ўзини кўп куттирмади – ривожланган давлатлар буйрак, жигар каби аъзоларни алмаштиришни одатий ҳолга айлантириб, мураккаб нейрохирургик операциялар устида тадқиқот олиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон Ҳиндистонга самолёт-самолёт бемор жўнатадиган давлатга айланиб қолди.

Сўнгги йилларда вазиятни ўнглаш учун айрим ҳаракатлар қилинди. Таъминот, маошлар нисбатан яхшиланди. Шифокорлар ўзларига алоқадор бўлмаган ишлардан озод қилиндилар. Хусусий тиббиёт бирмунча оёққа турди, мураккаб операциялар бўйича дастлабки қадамлар қўйилди. Мана шу жараёнларда тўсатдан бошланган пандемия энди оёққа тураётган тиббиётни жиддий синовдан ўтказди. Маълум бўлдики, бизда танлов имконияти йўқ. Мураккаб вазиятда барибир ўз соғлиқни сақлаш тизимимизга суянишдан ўзга чорамиз қолмайди.

Албатта, тизимни узлуксиз танқид қилиш мумкин, лекин уни яхшилаш фақат соҳа вакилларининг иши эмас. Қолаверса, шу шифокорлар ҳам юртдошларимиз, Ўзбекистон фарзандлари. Таълимга жиддий эътибор беришимиз, фарзандларимизнинг танловини ҳурмат қилишимиз, уларнинг ўз мақсадларига ҳеч қандай қинғирликларсиз эришишларини таъминлашимиз зарур.

Умуман, бугунги Ўзбекистон тиббиёти қуйидаги тизимли муаммолар ечимига муҳтож ва янги таклифларни ўйлаб кўрса арзийди:

1. Пулли ва бепул хизматлар бўйича мавҳумликни бартараф қилиш, аниқлик ва шаффофликка эришиш;

2. Нодавлат тиббиётда хорижий клиникалар кириб келишини таъминлаш, рақобат муҳитини яратиш орқали нархларни мўътадиллаштириш;

3. Тиббий таълим тизимида соҳага умуман алоқадор бўлмаган фанлардан буткул воз кечиш, амалиётни кенгайтириш, ҳар бир талабанинг зарур кўникмаларга эга бўлишини мажбурий қилиб қўйиш;

4. Таълимда “институтга кирган талабанинг 99 фоизи битиради” деган эски ақидадан воз кечиш, энг илғор битирувчиларнинг камида 10-15 фоизи хорижда магистратурада ўқишини таъминлаш, талабалар ўртасида ҳам узлуксиз рақобат бўлишига эришиш. Шунингдек, таълим тизими биздан орқада бўлган давлатлардан ўқишни кўчириш ва супер-гиперконтракт тизимини бекор қилиш;

5. Оилавий шифокорлик мактабини яратиш билан бирга, имкон қадар аниқ йўналишлар бўйича таълимни кучайтириш, замонавий диагностикани алоҳида йўналиш ёки факультет сифатида ажратиш;

6. Суғурта тизимини жорий этиш орқали давлатга юкламани камайтиришга эришиш, шифохоналар ўртасида рақобат пайдо қилиш;

7. Ва ниҳоят шифокорларнинг маошини бевосита меҳнат самарадорлигига боғлаб қўйиш тизимини яратиш. Яъни ким қанча бемор даволаса, шунча кўп маош олсин ва порага умид қилмасин.

Тўғри, бу муаммоларни дарҳол бартараф этиб, таклифларнинг ҳаммасини ҳам тез ва осон жорий қилиб бўлмайди. Айримлари шу қадар илдиз отиб кетганки, ечими йўқдек туюлади. Аммо оғриқли ислоҳотлар барибир ўтказилиши керак. Шунда бизни қийнаган муаммоларга фарзандларимиз дуч келишмайди.

Аброр Зоҳидов

Top