10:30 / 05.10.2021
1810
Олий Мажлис палаталари ва ҳукумат муассислигида Болалар фонди ташкил этилмоқда
Фото: Kun.uz

Президент “Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этиш ва унга муассислик қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар Болалар жамоат фондининг энг муҳим вазифалари этиб белгиланган:

  • оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш;
  • болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;
  • эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;
  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларнинг таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
  • оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш.

Болалар жамоат фонди бошқарувининг юқори органи унинг муассислари умумий йиғилиши ҳисобланиб, ушбу йиғилиш ҳар йили камида бир марта ўтказилади. Болалар жамоат фондининг Васийлик кенгаши Болалар жамоат фонди бошқарувининг умумий йиғилишлари оралиғидаги раҳбар органидир.

Болалар жамоат фонди ижрочи директори лавозимга Болалар жамоат фондининг Васийлик кенгаши томонидан муассислар умумий йиғилиши тақдимномасига мувофиқ тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Болалар жамоат фонди ижро дирекциясининг штат бирликларини сақлаш билан боғлиқ харажатлар унинг шакллантирилган маблағлари ҳисобидан қоплаб борилади.

Болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади: 

  • Давлат бюджети ҳисобидан 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;
  • давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;
  • краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;
  • вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Болалар жамоат фондига ҳомийлик қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилади, Болалар жамоат фонди солиқларнинг барча турларидан озод этилади (ижтимоий солиқ бундан мустасно).

Top