16:16 / 05.10.2021
9343
Ўзбекистон ва Туркманистон ҳамкорлиги тўғрисидаги 23та ҳужжат имзоланди

Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарлари ўртасидаги музокаралар якунлангач, ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Қўшма баёнот қабул қилдилар. Унда олий даражадаги учрашувнинг асосий якунлари акс этган, Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари белгиланган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат вазирликлари, идоралари ва ҳудудлари раҳбарлари имзоланган ҳужжатлар билан алмашди. Чегарадош ҳудудларда савдо марказларини ташкил этишни назарда тутувчи Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим, Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда корхона ва компаниялар ўртасидаги ўзаро манфаатли шериклик алоқаларини кенгайтириш тўғрисида битим, Божхона чегарасидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисидаги Баённома шулар жумласидан.

Ишбилармон доиралар вакиллари учун виза тартиботларини соддалаштириш тўғрисидаги битим ҳамда 2004 йил 19 ноябрдаги Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш ҳақида Баённома икки мамлакат тадбиркорлари учун қулай шароитлар яратиши ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Транспорт, транзит ташишлар, сувни тежовчи технологиялар, адлия, ижтимоий ҳимоя, статистика, ўсимликлар карантини ва ҳимояси, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга доир муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олувчи жами 23 та ҳужжат имзоланди.

Top