23:47 / 06.10.2021
17468
ССВ: Аҳолига 66 турдаги дори воситалари бепул берилмоқда
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига бепул етказиб бериладиган дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш тартиби, дорилар ва тиббий буюмларга эҳтиёж қандай аниқланиши ҳамда бу жараёнларга кимлар масъул бўлиши ҳақида маълумотлар берди.

Президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул билан тиббиётнинг бирламчи бўғинини касалликларни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, cоҳа ривожланишининг яқин ва узоқ муддатли истиқболларини белгилаш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини яхшилаш борасида бир қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, қарорда 2021 йил 15 июндан бошлаб бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилиб, ушбу мақсадлар учун жорий йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланди.

Шунга мувофиқ, бугунга қадар Ўзбекистондаги мавжуд 852та оилавий шифокор пункти, 990та оилавий поликлиника ҳамда 207та кўп тармоқли марказий поликлиникага жами 40 миллиард сўмдан зиёд 40 турдан иборат дори ва 10 турдаги антисептик воситалар ҳамда 16 турдаги стоматология амалиётида қўлланадиган сарфлов материаллари, жами 66 турдан иборат дори воситалари ва тиббий буюмлар етказиб берилди.

Мазкур дори воситалари фуқароларга ўзи яшаётган ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари (оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника) орқали бепул берилиши белгиланган.

Дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва тарқатиш тартиби қандай?

Мазкур масала Соғлиқни сақлаш вазирининг жорий йил 24 августдаги «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида дори воситалари ҳаракатини тартибга солиш тўғрисида»ги буйруғи асосида тартибга солинган.

Давлат томонидан аҳолига бепул тақдим этилаётган 66 турдаги мазкур дори ва антисептик воситалар ҳамда сарфлов материаллари дастлаб бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг катта ҳамширалари томонидан қабул қилинади ва махсус жойда сақланади. Катта ҳамшира дори воситаларини талабнома асосида ва эҳтиёжга кўра, муолажа хонаси ҳамшираси ёки оила ҳамширасига етказиб беради.

Дори воситалари ва тиббий буюмларга эҳтиёж қандай аниқланади?

Мазкур дори воситалари ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёж ҳар бир ҳудуднинг касалликлар тарқалганлик даражаси ва статистик кўрсаткичлар, беморларнинг қатнов сонини эътиборга олиб ҳисобланади. 

Шунингдек, муассаса фаолият туридан келиб чиқиб, даволаш схемасига асосан тасдиқланган клиник протокол ва даволаш-диагностика стандартлари ва беморга бериладиган дори воситаларининг миқдорини кўрсатган ҳолда (бир марта ва бир курс учун) ҳамда бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасалари учун тасдиқланган формулярга мувофиқ аниқланади. 

Беморларга бепул дори воситалари қай тартибда берилади?

Беморларга дори воситаларини бериш турар жойидаги бирламчи тиббий ёрдам муассасасининг (ОШП, ОП, КТМП) оилавий шифокори ёки ушбу муассасанинг тор доирадаги мутахассис шифокори томонидан амалга оширилади.

Дори воситаларининг таблетка, капсула, шамча, аэрозоль шаклидаги тури оилавий шифокор ёки бирламчи тиббий санитария ёрдами муассасасининг тор доирадаги мутахассис шифокори тавсиясига кўра берилиши мумкин.

Дори воситаларини тўғри ишлатиш ва фойдаланишга ким масъул?

Мазкур дори воситаларига эҳтиёжни аниқлаш, уларни қабул қилиш, сақлаш ва оқилона ишлатиш ҳолати ҳар чоракда мониторинг қилиб борилади. 

Мониторинг жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун муассаса раҳбари ва катта ҳамшира шахсан масъул ҳисобланади.

Бундан ташқари, ҳар бир беморга тиббий кўрсатмага мувофиқ, кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий шифокор пунктлари ҳамда оилавий поликлиникаларда ташкил қилинган кундузги стоционарларда биринчи ёрдам дорилари билан даво муолажарини олишмоқда.

Top