21:41 / 10.10.2021
21367
Пандоранинг оғзи очилиши, энг кўп журналисти ўлдирилган нашр учун Нобел ва ўзгармаётган Афғонистон. Ҳафта хабарлари дайжести

Пандора ҳужжатларида МДҲ ҳудудидан кимлар бор? Муратовга Нобел берилиши нега рус мухолифатини норози қилди? Ҳокимият толиблар қўлига ўтса ҳам нега мамлакатда тинчлик ўрнатилмаяпти? Kun.uz якунланган ҳафтанинг трендда бўлган асосий мавзуларини эслайди.

Пандора ҳужжатлари — ҳафтанинг энг шов-шувли янгилиги

Дунё раҳбарлари, сиёсатчилар ва миллиардерларнинг махфий бойликлари ҳамда молиявий ҳужжатларини фош этган «Пандора ҳужжатлари» якунланган ҳафтани тарихга муҳрлаган воқеа бўлди. Ҳужжат бутун дунё интернет фойдаланувчилари орасида кенг муҳокама қилинди: ҳамма ўз давлатининг сиёсатчиларини излади, фикр билдирди ва бу ҳужжатнинг эълон қилиниши Чехиядаги сайлов натижасига ҳам маълум даражада таъсир кўрсатди.

3 октябрь куни Суриштирувчи журналистлар халқаро консорциуми «Пандора ҳужжатлари»ни эълон қилди. «Пандора архиви»дан жами 12 миллион ҳужжат ўрин олган. Офшор схемаларга дунё сиёсатчилари, кўплаб амалдорлар ва шоу-бизнес юлдузларининг алоқаси борлиги аниқланган. Унда британиялик тадбиркор, телекоммуникация магнати ва Буюк Британия консерватив партиясининг йирик донорларидан бири Муҳаммад Амерсининг Ўзбекистон билан алоқаси қайд этилган. У 2007-2013 йилларда Швециянинг Telia компанияси маслаҳатчиси бўлган. Ушбу компания коррупцияга қарши тергов доирасида АҚШ ва Нидерландия расмийларига 965 миллион доллар тўлаган.

Сиздирилган маълумотларга кўра, 2010 йилда Швециянинг Теlia компанияси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Муҳаммад Амерси оффшор ширкатга 220 миллион доллар тўлов ўтказиш жараёнида иштирок этган. Ушбу оффшор ширкатни эса Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг катта қизи Гулнора Каримова назорат қилган. АҚШ ҳукумати ушбу тўловни «220 миллион долларлик пора» сифатида эътироф этган. Теlia ўша пайтда Ўзбекистондаги фаолияти учун янги рухсатнома олишга интилаётган бўлган.

Архивда дунёнинг бошқа машҳур сиёсатчилари ҳам учрайди. Масалан, Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр, Покистон бош вазири Имрон Хон, Чехия ҳукумати раҳбари Андрей Бабиш, Иордания қироли Абдулла II, Озарбойжон президенти Илҳом Алиевнинг оиласи, Украина президенти Владимир Зеленский ва Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев шулар жумласидан.

1999 йилда Қозоғистонда Нурсултон Назарбоевнинг иккинчи норасмий рафиқаси - Асел Курманбаева борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган. Ўшанда 18 ёшда бўлган Асел «Мисс Қозоғистон» гўзаллик танловида ғолиб чиққанди. Қозоғистонда фарзандларга бобонинг эмас балки отанинг исмини фамилия сифатида бериш кўп учрайди, янгиликлар сайтларида эълон қилинган хабарларда Курманбаевнинг ўғиллари Нурсултонўғли насабини олгани маълум бўлган. Пандора ҳужжатларида Курманбаеванинг қозоғистонлик олигархлардан ҳеч қандай тижорий фаолият олиб бормаган компаниянинг 30 миллион долларлик акцияларини қабул қилиб олгани фош бўлди. Бундан ташқари, Курманбаеванинг фирмалари Назарбаев фонди билан тижорий алоқада бўлган: бир неча ҳолатларда икки томон деярли ҳамкорликда бизнес олиб борган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ва унинг оиласи ўз мамлакатини талон-торож қилишда айбланган. Сўнгги йилларда Алиевлар ва уларнинг яқин шериклари Буюк Британияда 400 миллион фунт стерлингдан зиёд мулкий битимлар тузишган. Хусусан, президентнинг 11 ёшли ўғли Ҳайдар Алиев учун Лондонда 33 млн долларлик мулк харид қилинган. Майфейрдаги яна бир бино эса Илҳом Алиев оиласига тегишли Mallnick Holdings томонидан сотиб олинган ва бир ой ўтиб мулк Алиевлар билан оилавий яқин алоқалари бор Гайдар компанияси томонидан қайта харид қилинган.

Украина президенти Владимир Зеленский 2012 йилда «Квартал 95» студиясидаги ҳамкорлари билан офшор фирмалар тармоғини ташкил қилгани ҳақида маълумотлар берилди. Бу ишлар маблағларни ҳукумат ва жиноий гуруҳлардан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилган. Тармоқни айни вақтда Украина хавфсизлик хизмати раҳбари ҳисобланган Иван Баканов бошқарган бўлиши мумкин. Юқорида қайд этилган компаниялар орқали Зеленскийнинг ҳамкорлари Лондондан бир неча квартира харид қилган. Зеленский президентликка сайланишидан аввалроқ Британиянинг Виржиния оролларида рўйхатдан ўтган Maltex Multicapital Corp. асосий фирмасидаги оилавий улушни ўзининг «Квартал»даги кўп йиллик ҳамкори Сергей Шефирга сотган ва у айни пайтда президентнинг биринчи ёрдамчиси ҳисобланади.

Россия президенти Владимир Путиннинг учинчи қизини дунёга келтиргани тахмин қилинадиган Светлана Кривоногих ҳам ҳужжатларда эслаб ўтилган. Шунингдек, ушбу архивда «Первий канал» бош директори Константин Эрнст, «Ростех» оиласи раҳбари Сергей Чемезов, президент администрацияси раҳбари Антон Вайно ҳамда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг куёви Александр Винокуровга алоқадор маълумотлар ҳам мавжуд.

Пандора ҳужжатлари каби ҳужжатлар рад этиб бўлмас далилларга асосланмаса-да, улар ортидан жиддий чоралар кўрилмаса-да, расмий шахсларни сергакликка, порадан тийилишга чақириб туради. Шунингдек, замонавий дунёда ноқонуний ҳаракатлар оммавий ахборот воситалари назаридан четда қолмаслигини таъминлайди, коррупцияни жиловлашга хизмат қилади.

Ушбу ҳужжатлар очиқланиши ортидан Чехияда парламент сайловлари бўлиб ўтди ва унда ҳужжатларда номи тилга олинган Андрей Бабиш партияси ютқазди - бош вазирнинг оффшор бўйича маълумотлари фош бўлиши ҳам сайловчилар қарорига таъсир қилгани истисно қилинмаяпти.

Бу орада Буюк Британия ҳукумати «Пандора архиви»да келтирилгани маълумотларни ўрганиб чиқмоқчилигини маълум қилди. Қироллик молия вазири Риши Сунакнинг айтишича, Буюк Британия солиқ органлари молиявий ҳужжатларни текшириб чиқади.

Facebookда глобал носозлик

4 октябрь куни кенг кўламли носозликлар оқибатида бутун дунёда олти соат мобайнида 3,5 млрд.дан ошиқ фойдаланувчилар Facebook, Instagram, Messenger ва Whatsapp’дан узилиб қолди. Носозлик Гринвич вақти билан соат 16:00да рўй бериб, уни бартараф этишга фақат соат 20:00да эришилди.

Time журнали Facebook ва бошқа бир қатор сервислардаги глобал узилишлардан сўнг Цукербергнинг суратини ўз муқовасига жойлаштирди. Сурат устида тасдиқлаш ойнаси кўрсатилган. Унда «Facebook ўчирилсинми?» саволи ҳамда унга жавоб тариқасида «Чиқиш» ва «Ўчириш» вариантлари таклиф этилган.

The New York Times газетаси маълумотларига кўра, Facebook’да компания ходимлари ўзаро мулоқот қиладиган ички сервислардан фойдаланишнинг ҳам имкони бўлмаган - компания ходимлари офис биноларига киролмай қолган, чунки эшиклар паролини очадиган рухсатномалар ҳам ишламаган.

NYT’нинг ёзишича, муаммо Калифорниядаги маълумотларни қайта ишлаш марказида муҳандислар серверларни қайтадан ишга туширгач ҳал бўлган, аммо компания бу маълумотни тасдиқламади.

Бунинг ўрнига Facebook носозлик нимадан келиб чиққанини аниқлаш ва ўз инфратузилмасини янада ишончли қилиш учун ҳаракатда эканини маълум қилган. «Муҳандисларимизнинг аниқлашича, маълумотлар марказлари ўртасида тармоқ трафигини мувофиқлаштирувчи магистрал роутерлар конфигурациясининг ўзгартирилиши алоқа узилишига сабаб бўлган муаммоларни келтириб чиқарган. Тармоқ трафигининг бузилиши маълумотлар марказларимизнинг алоқа йўлларига бирин-кетин таъсир кўрсатган, натижада хизматларимиз тўхтаб қолган», дейилади компания хабарида.

Facebook серверларида кузатилган носозликлар фонида Telegram мессенжери фойдаланувчилари сони бир кунда 70 миллионга кўпайди. 7 соат ичида хизматлар ишига тикланишига қарамай, бу узилиш Facebook тармоғидаги унгача қайд қилинган узилишлар ичида энг кенг кўламлиси бўлди. Facebook компанияси асосчиси Марк Цукерберг бу ҳолат учун узр сўради, унинг ўзи узилишлар сабабли бир кун ичида 7 млрд доллар йўқотди.

Facebook ва Instagram’да узилишлар кузатилаётган бир пайтда узилишларсиз ишлаган Twitter (Ўзбекистондан ташқари) ва Telegram фойдаланувчилари турли мемлар билан воқеага ҳазиломуз муносабат билдиришди:

Кремль табриклади, мухолифат норози

8 октябрь куни Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ва филиппинлик журналист, Rapple мухолифатчи сайти раҳбари Мария Рессага «демократия ҳамда барқарор тинчлик ўрнатилишининг дастлабки шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича интилишлари» учун берилди.

Евгений Фельдман / Meduza

Муратов бу мукофот «Новая газета»сининг турли йилларда ўлдирилган журналистлари учун эканини айтди. «Игорь Домников, Юрий Шчекочихин, Анна Политковская, Стас Маркелов, Анастасия Бабурова, Наташа Эстемирова - бугун Нобел мукофотини шу одамлар қўлга киритишди», деди у.

2001 йилда Чеченистонда «Новая газета»нинг штатдан ташқари корреспонденти Виктор Попков ўлдирилган. 2003 йилда нашрнинг суриштирувлар бўлими муҳаррири Юрий Шчекочихин вафот этган. Тергов қўмитаси унинг ўлимида жиноят аломатлари топмаган, аммо ҳамкасблари у заҳарланган деб ҳисоблашади - ўлими арафасида у таҳдидлар олганди.

2009 йилда Чеченистонда ҳуқуқ фаоли Наталья Эстемирова ўғирлаб кетилган ва ўлдирилганди - у «Новая газета» билан ҳамкорлик қилган. 2009 йил январида Москвада «Новая газета» журналисти Анастасия Бабурова ва нашрнинг юридик ишларини юритган адвокат Станислав Маркелов отиб кетилган.

2006 йил 7 октябрида Москвада, Чеченистондаги вазият ҳақида кўплаб танқидий чиқишлар қилган, замонавий Россия тарихидаги энг кучли журналистлардан бири - Анна Политковскаяни отиб кетишади. 2014 йилда, қотилликдан саккиз йил ўтиб суд қотиллик ижрочиси ва ташкилотчиларни қамоққа жўнатади. Аммо қотилликни ким буюртма қилгани бўйича қидирувларда силжиш бўлмайди. Шу тариқа, 15 йил ўтиб ҳам бу қотиллик уюштирилиши учун ҳеч ким айбни зиммасига олмаган.

Муратов мукофот пулининг (1 миллион доллардан ортиқроқ) бир қисми 2021 йил бошида Владимир Путин томонидан асос солинган «Круг добра» хайрия фондига ўтказилишини маълум қилди. Бу фондга йилига 5 миллион рублдан кўпроқ маош олувчи бадавлат россияликлар тўлаган солиқлар йўналтирилади. 

У пулнинг қолган қисмини, таҳририят билан келишган ҳолда Россияда «хориж агенти» мақомини олган ва қувғинга учраган журналистларга ёрдам кўрсатиш учун ажратмоқчи.

«Эха Москва» бош муҳаррири Владимир Варфоломеев Нобел қўмитаси берадиган пул мукофоти «Новая газета»ни «хориж агенти» сифатида эълон қилиш учун формал асос бўлиб хизмат қилишидан хавотирларини билдирган. Аммо The New Times бош муҳаррири Евгения Альбацнинг ҳисоблашича, «Нобель» аксинча, нашрни бундан ҳимоялайди. «Мен умид қиламанки, Муратовнинг бу статуси «Новая газета»ни «иностранного агент» мақомидан ҳимоя қилади ва оммавий равишда «иноагент» деб эълон қилинаётган россиялик журналистларни ҳам қай бир даражада ҳимоялайди», деган Альбац. Июнь ойида Александр Ионов «Новая газета»ни ҳам «иноагентлар» ҳақидаги қонун бўйича текшириш таклифини берганди, айнан унинг чақувидан кейин «Медуза» нашри «иноагент» деб топилган.

Нобел қўмитаси қарори Россияда турлича қарши олинди. «Новая газета» Россия ҳукуматини кўп танқид қилувчи нашрлар сирасидан бўлса-да, асосан мухолиф кайфиятдаги кучлар бу қарорни маъқулламади, ўз навбатида Кремль ва ҳукуматпараст нашрлар бу қарорни олқишлаб, Муратовни табриклашди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Муратовни ўз идеалларидан чекинмаган жасур киши сифатида таърифлаган бўлса, МСК раиси Элла Памфилова унинг қатъиятлилиги ва энг муросасиз мухолифларини ҳам эшита олиш қобилиятига эгалигини эътироф этди, МатчТВ телеканалининг собиқ раҳбари Тина Канделаки буни рус журналистикасининг катта ғалабаси деб атади, RT телеканали бош муҳаррири Маргарита Симоньян унинг бемор болаларга кўрсатаётган ёрдамларини эслаб, уни бунинг учун ҳам мукофотлаш кераклигини айтди.

Ўз навбатида, Россия мухолифатининг кўплаб вакиллари, жумладан Алексей Навальний тарафдорлари мукофот Муратовга топширилишига эътирозларини билдиришди.

Бундай норозиликни Муратов яқинда Давлат думаси учун сайловлар вақтида мухолифатчилар қарши бўлган электрон овоз бериш тизимини ёқлаб колонка ёзгани билан изоҳлаш мумкин. У шунингдек, КПРФга қарши танқидий материаллари учун мухолифатчиларнинг танқидларига учраган - Навальнийнинг тарафдорлари сайловчиларни «ақлли овоз» доирасида коммунистларга овоз беришга чақирганди.

Навальний ва Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская ҳам мукофот учун даъвогарлар қаторида эди. Ижтимоий тармоқларда уларнинг иккиси ҳам мукофот учун Муратовдан кўра ҳақлироқ экани ҳақидаги постлар кўп ёзилди.

Ёзувчи Борис Акунин, иқтисодчи Константин Сонин, Навальнийнинг сафдошлари Любовь Соболь ва Руслан Шаведдинов мукофотни Навальний олмаганидан афсусдаликларини билдиришди, Муратовнинг ўзи ҳам ўзига қолса мукофотни Навальнийга беришини айтган.

Тинчлик бўйича Нобел шу пайтгача Россия фуқаросига насиб этмаганди, мукофот собиқ иттифоқнинг икки фуқароси — олим ва ҳуқуқ ҳимоячиси Андрей Сахаров ҳамда СССР президенти Михаил Горбачёвга топширилган. Муратов Россия Федерациясининг Нобел олган бешинчи фуқароси бўлди.

Афғонистон: жума намози вақтида портлаш рўй бериб, ўнлаб кишилар ҳалок бўлди

8 октябрь куни террорчи худкуш Афғонистон шимолидаги Қундуз шаҳрида шиаларнинг масжидига ҳужум қилди. Жума намози вақтида рўй берган портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган - бу америкалик ҳарбийлар мамлакатдан чиқиб кетган вақтдан кейинги энг йирик терактга айланди.

Масжидга жума намози вақтида ҳужум қилинган. Фото: AP/ТАСС

Портлаш оқибатида юздан ортиқ киши жароҳатлаган. Қурбонлар сони ошиши мумкин.

Шиалар қабристонида ишловчи гўрков «Франс Пресс» агентлигига унга 62 кишининг жасади олиб келингани ҳақида айтган, маҳаллий нашрларда эса портлаш қурбонлари 100га яқин бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатилган.

Ҳужум учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон» гуруҳи зиммасига олган. «Толибон» ҳокимиятга келгач, ушбу гуруҳга қарши фаол курашмоқда. Сўнгги вақтларда бу гуруҳ жангарилари мамлакатнинг шарқий ҳудудларида шу каби бошқа қатор ҳужумларни амалга оширганди. Август ойида Кобул аэропортига уюштирилган ҳужум учун жавобгарликни ҳам ушбу гуруҳ ўз зиммасига олганди.

Бу гуруҳ яқин ўтмишда ҳам Афғонистондаги диний озчилик ҳисобланган шиаларга қарши кўплаб ҳужумлар уюштирган: худкуш террорчилар масжидлар, спорт клублари ва мактабларни портлатган. Сўнгги ҳафталарда ишидчилар толибларга ҳужумлар кампанияси олиб борди.

Ўтган ҳафтанинг якшанбасида жангарилар Кобулдаги дафн маросими вақтида ҳужум қилганди, бу маросимда «Толибон»нинг бир қатор юқори мартабали амалдорлари ҳам ҳозир бўлганди. «ИШИД-Хуросон» таъсири кучли бўлган шарқдаги Нангарҳор ва Кунар вилоятларида ҳам бир қанча ҳужумлар кузатилди.

Толиблар ИШИДнинг ўнлаб аъзолари ҳибсга олингани ва бу гуруҳга алоқадор кўплаб жангарилар ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқатган бўлса-да, бу гуруҳ солаётган таҳдид сусаймаяпти.

Хорижлик ҳарбийлар Афғонистондан чиқиб кетгач, «Толибон» шу йилнинг августида мамлакатда ҳокимиятни қўлга олганди. Кўплаб афғонлар толиблар ҳокимиятга келгач, авторитар режим ўрнатилса-да, ҳеч бўлмаса тинчликда яшашларига умид қилишганди. Толиблар ҳам ғарбликлар билан музокараларда мамлакатни террорчилардан холи ҳудудга айлантиришни ваъда қилишганди, аммо афғонлар ҳамон нотинчликда яшашга мажбур бўлишмоқда.

Муҳокамаларга сабаб бўлган бензин нархи

Ўзбекистонда АИ-91 маркали бензин нархи 8100 сўмдан сотила бошлади ва бу жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Ўтган йилга нисбатан ишлаб чиқариш ҳам, импорт ҳам ошганига қарамай, нарх бир йил ичида 28 фоизга ошди.

Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан берган баёнотида бензин нархлари бозорда эркин шаклланмоқда. Нарх ошишига сабаб жаҳон бозорида нефт нархи ошиши билан изоҳланган.

Масалага жамоатчилик фаоллари ҳам муносабат билдирди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг фикрича, бензин нархи ошишда давом этади. Чунки бунга сабаблар жуда кўп. Гап фақат нефть нархининг ошиб бораётганидагина эмас. У нарх ошишининг асосий уч сабабини келтириб ўтди: бензин нархининг импортга, курс ўзгаришга ҳам боғлиқлиги, иккинчи ва асосий сабаб – рақобат муҳитининг йўқлиги, учинчи сабаб эса солиқчилик. Яъни бензин истеъмолчиларга етиб боргунча турли кўринишларда энг кўп солиқ қўшиладиган товар ҳисобланиши.

У бензин нархини муқобиллаштиришда парламент янги йилдаги бюджетни тасдиқлашда эътиборлироқ бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Kurbanoff каналининг асосчиси Шуҳрат Қурбонов эса модомики бензин нархи ошиши нефть нархи ошиши билан боғлиқ экан, унда нефть нархи тушишини кутишдан бошқа илож йўқлигини билдирган.

Top