14:01 / 12.10.2021
7660
Бухорода амалга оширилиши режалаштирилган «мега-лойиҳалар» маълум қилинди

Вилоятнинг салоҳияти, мавжуд ресурсларини қайта ишлаш имкониятларини инобатга олиб, келгуси йиллар Бухорода “саноатда кескин бурилиш даври” бўлади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти сайловчилари билан учрашувида айтиб ўтди.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

“Жумладан, жами 8 миллиард долларлик 5 мингта лойиҳа амалга оширилиб, 100 минг янги иш ўринлари яратилади. Бунда, энг аввало, саноатнинг стратегик тармоқларида хомашёни чуқур қайта ишлашга қаратилган 5 та “мега-лойиҳа” амалга оширилади.

Хусусан, Қоракўл туманида қиймати 2,7 миллиард долларлик, йилига 1,3 миллиард куб метр газни қайта ишлайдиган газ-кимё комплексини барпо этиш лойиҳаси бошланади. Бу лойиҳа доирасида, энг замонавий технологиялар асосида, йилига 770 минг тонна полимерлар ишлаб чиқарилади. Ушбу корхонанинг атрофида саноат кластери ташкил этилиб, унда қурилиш материаллари, кимё, енгил саноат, электротехника, автомобилсозлик ва бошқа маҳаллий саноат тармоқлари учун 100 дан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу орқали, Қоракўл, Олот, Жондор ва Пешку туманларида 3 мингта доимий иш ўрни яратилиб, йилига 110 миллион долларлик маҳаллий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Бугунги кунда вилоятда электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас. Шунинг учун, 1,6 миллиард доллар тўғридан тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан 4 та шамол, қуёш ва иссиқлик электр станциялари барпо этилади. Ушбу станциялар йилига 6,3 миллиард киловатт соат ёки вилоят эҳтиёжига нисбатан икки баробар кўп электр энергияси ишлаб чиқаради. Жумладан, 2023 йилда Пешку ва Ғиждувонда жами қуввати 1 минг мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилади. 

Шу билан бирга, аҳолини юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлайдиган маҳаллий саноат равнақига алоҳида эътибор қаратилади. Бунда, энг аввало, тўқимачилик саноатида жами 450 миллион долларлик 180 дан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилиб, 40 мингта иш ўрни яратилади.

Шу ўринда айтиш жоизки, ислоҳотларимиз натижаси сифатида, пахтани етиштиришдан бошлаб, тайёр кийимгача бўлган ва ишлаб чиқаришнинг барча циклларини қамраб олган кластер тизими Бухорода ўз самарасини кўрсатди. Ушбу ишларимизни давом эттириб, вилоятда келгуси беш йилда пахта толаси ва ип-калавани қайта ишлаш даражаси 35 фоиздан 100 фоизга етказилади ва экспорт 4 баробарга кўпаяди.

Ҳудуд учун салоҳияти юқори бўлган яна бир тармоқ – қурилиш материаллари саноати ҳам янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун вилоятдаги 78 та кон участкаси аукционга чиқарилади, 37 та истиқболли майдонларда геология-қидирув ишлари амалга оширилади. Қоровулбозор ва Пешку туманларида қурилиш материаллари кластерлари ташкил этилиб, 10 триллион сўмлик 282 та лойиҳа амалга оширилади.

Чарм саноатида терини қайта ишлаш даражаси 70 фоизга етказилади. Бунинг учун, Вобкент, Ғиждувон, Ромитан, Шофиркон, Қоракўл, Жондор ва Когонда экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича 400 миллиард сўмлик 42 та лойиҳа амалга оширилади ва 8 мингта янги иш ўрни яратилади”, деди президентликка номзод.

Top