12:56 / 13.10.2021
12605
Комил Алламжонов: «Кеча «Заковат» қайта туғилди»

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «Заковат» интеллектуал ўйини республика босқичининг гранд финал ўйини ҳақида пост қолдирди.

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

Комил Алламжоновнинг қайд этишича, 31 мингдан зиёд «Заковат» клуби аъзолари жуда хурсанд, билим ҳақиқий трендга чиқди.

«Кеча "Заковат" қайта туғилди. Кеча "Заковат"нинг туғилган куни бўлди. Президентимиз “Заковат” клуби учун бино қуриб бериш, мактаблар, университетлар, коллежларда "Заковат" синфлари очиш, “Заковат” ўйинларига ҳар йили 50 млрд сўм пул ажратиш, Президент кубоги учун ўйинлар, “Заковат” стипендиясини  жорий қилиш бўйича Президент Қарорини тайёрлаш бўйича Президент администрацияси раҳбари ва бош вазир ўринбосарига  кўрсатма бердилар. “Билим олишга хизмат қиладиган ҳар қандай лойиҳани доим қўллаб-қувватлашга тайёрман”, дедилар Президент. 

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

“Заковат” лойиҳаси асосчиси Абдурасул ака ўзларини йиғидан зўрға тийиб ўтирдилар. “20 йил урилиб-сурилиб, хор бўлиб юрдик, кирмаган эшигим қолмаган, жонга тегди, илм лойиҳаси ҳеч кимга керак эмас деган пайтларим ҳам бўлди, фақат шу йилдан "Заковат"нинг косаси оқарди. Менга эски иш жойимда 3 марталаб унвон берамиз, медал берамиз деб жинни қилишганди, бугунги мукофот ва яна шахсан Президент келиб билимдонлар учун шунча совға қилишлари худди тушга ўхшайди”, дейдилар. Ўзидан ўтди - ўзи билди бу инсон. 

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

Хуллас, 31 мингдан зиёд "Заковат" клуби аъзолари жуда хурсанд. Билим ҳақиқий трендга чиқди.  Бунинг учун катта раҳмат, муҳтарам Президент. Кутилмаганда шунча иш бўлди. 

Хоразм - чемпион, билимдонлар хурсанд. Тадбир давомидаги камчиликлар учун минг узр. Астойдил ҳаракат қилдик. Лекин камчиликларимиз ҳам бўлди. Бугун яна янги кун бошланди, янги лойиҳалар», деб ёзади Комил Алламжонов.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълумот учун, кеча, 12 октябр куни Бухоро вилояти Ромитан туманида жойлашган «Bukhara Desert Oasis» экотуризм марказида «Заковат» брейн-ринг интеллектуал ўйини республика босқичининг гранд финал ўйини ўтказилди. Барча рақибларини мағлуб этиб финалгача етиб келган Хоразм ва Навоий жамоалари ҳал қилувчи ўйинда куч синашди. Мусобақа давомида асосий фаворит Тошкент жамоасини енгган тажрибали Хоразм жамоаси ғалаба қозонди.

Хоразм жамоасининг ҳар бир аъзоси биттадан Chevrolet Gentra автомобили билан тақдирланадиган бўлди. Финал ўйинида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди.

Top