17:53 / 19.10.2021
2805
Тошкентда боғчага бормайдиган 6 ёшли болаларнинг 87 фоизи мажбурий тайёрлов гуруҳларига жалб қилинди

Тошкент шаҳридаги мактабгача таълим муассасасига жалб қилинмаган 1933 нафар 6 ёшли болаларнинг 1685 нафари бир йиллик бошланғич таълимга бепул тайёрлов гуруҳларига қамраб олинган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Нафиса Умарова маълум қилди.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Умаровага кўра, Тошкент шаҳри бўйича 2021/22 ўқув йилига жами 1933 нафар боғчага бормайдиган 6 ёшли болаларни қамраб олиш режаси шакллантирилган. Пойтахтда жами 152 та мактабгача таълим ташкилотида бепул мажбурий таълим гуруҳлари очилиши режалаштирилган бўлиб, ушбу мажбурий таълим гуруҳларининг барчаси янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтирилган.

“Шакллантирилган 1933 нафар қамралмаган 6 ёшли болаларни қамраб олиш рўйхати шаҳардаги фаолият юритишга тайёрланган гуруҳларга бириктирилди. Ушбу гуруҳлар олий маълумотли педагоглар билан таъминланди. Янги ўқув йилида октябрь ойи ҳолатига шаҳар бўйича 152 та гуруҳдан 87 таси ўз фаолиятини бошлаб, бугунги кунга 1685 нафар 6 ёшли болалар қамраб олинди”, – деди Нафиса Умарова.

Таъкидланишича, 6 ёшли болаларни қамраб олиш ишлари бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Мажбурий бепул таълимда харажатлар тўлиқ бюджет ҳисобидан қопланади. Бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳларида ота-оналар тўлови ундирилмайди.

“Бош бошқарма шу фурсатдан фойдаланиб сизларга шуни маълум қиладики, агар 6 ёшли мактабгача таълимга қамраб олинмаган фарзандингиз бўлса, Тошкент шаҳрининг барча туманларида ташкил этилган мажбурий бепул мактабга тайёрлов гуруҳларига юборишингиз мумкинлигини эслатиб ўтади.

Бунинг учун 71 235-47-35 рақамига мурожаат этишингиз мумкин”, – дея маълум қилди Тошкент шаҳар мактабгача таълим бош бошқармаси.

Top