08:14 / 26.10.2021
4031
Мисрда 2017 йилда киритилган фавқулодда ҳолат режими бекор қилинди

25 октябрда Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий мамлакатда 2017 йилдан буён амалда бўлган фавқулодда ҳолат режимини бекор қилишини эълон қилди. У бу ҳақдаги баёнотни Facebook’даги саҳифасида жойлаштирган.

Фото: globeecho.com

“Кўп йиллардан бери биринчи марта фавқулодда ҳолат режимини бекор қилишга қарор қилдим”, деб ёзган ас-Сисий.  

Мисрда ушбу режим 2017 йил апрелида Искандария ва Танта шаҳарларидаги черковларда терактлар содир этилгандан кейин киритилганди. Ўша ҳужумлар вақтида 45 киши ҳалок бўлган, 120 киши жароҳатланган. Шундан кейин фавқулодда ҳолат режими ҳар 3 ой узайтириб келинган.

Миср конституцияси фавқулодда ҳолат режими давом этишини 3 ой билан чеклаб қўйган, аммо уни чексиз марта узайтиришга ижозат беради. Ушбу чора фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, армия ва полициянинг террорчиларга қарши курашини енгиллаштиришга қаратилган.

Ушбу режим президентга сўз, йиғилишлар ўтказиш, ҳаракатланиш эркинлигини чеклаш, ОАВдаги мақолаларни назорат қилиш, номақбул нашрларни ёпиш, газеталарни мусодара қилиш, сайтларни тўсиш имконини беради. Ҳукумат, шунингдек, одамларни мажбурий тарзда эвакуация қилиши мумкин.

Top