16:09 / 28.10.2021
4486
Пекин Тайбэй ва Вашингтон ўртасидаги мулоқотларга кескин қарши чиқди

Аввалроқ Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэн бир неча америкалик инструкторлар Тайванда иш олиб бораётгани, орол ўз мудофаа салоҳиятини ошириш учун АҚШ билан ҳамкорлик қилаётганини айтганди.

Фото: Thomas Peter / Reuters

Пекин Тайбэй ва Вашингтон ўртасидаги ҳар қандай шаклдаги мулоқотларга кескин қарши чиқади ҳамда АҚШни Хитойнинг ички ишларига аралашишни тўхтатишга чақиради. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Вэнбин маълум қилди.

“Тайван масаласига келсак, АҚШ бир томонлама тартибда қандайдир нарсалар ўйлаб топмасдан, “ягона Хитой” тамойили ва учта Хитой–Америка коммюникесига амал қилиши керак. Биз АҚШ ва Тайван ўртасидаги ҳар қандай рамий ва ҳарбий мулоқотларга кескин қарши чиқамиз. Биз АҚШнинг Хитой ички ишларига аралашишига қаршимиз”, – деди у.

“Тайван мустақиллиги”га уриниш – бу боши берк кўча, “Тайван мустақиллиги”ни қўллаб-қувватлаш – бу йўқлик сари йўл”, – деди Ван Вэнбин.

Аввалроқ Тайван маъмурияти раҳбари Цай Инвэн CNN телекомпаниясига берган интервьюсида бир неча америкалик инструктор Тайванда иш олиб бораётгани, орол ўз мудофаа салоҳиятини ошириш учун АҚШ билан ҳамкорлик қилаётганини айтганди.

The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, АҚШ ҳарбий инструкторлари бир неча йилдан буён Тайванда фаолият юритмоқда. Маълумот берилишича, йигирмага яқин мутахассис Тайван қуруқликдаги қўшинларини тайёрламоқда.

Top