20:59 / 29.10.2021
7224
Тонгада коронавирусга чалиниш ҳолати биринчи марта қайд этилди
Фото: Getty Images

Полинезиянинг ғарбида жойлашган Тонга орол давлатида коронавирусга чалиниш ҳолати илк бор қайд этилгани маълум қилинди. Вирус Янги Зеландиядан келган йўловчида аниқланган, деб хабар берди Matangi Tonga маҳаллий нашри.

Тонга бош вазири Погива Туионетоа йўловчи карантинга олинганини маълум қилган. У Pfizer вакцинаси билан эмланганига қарамай вирус юқтириб олган.

Касалланган йўловчи билан бирга самолётда бўлган йўловчилар, Фуаамота халқаро аэропортининг самолёт келган вақтда навбатчилик қилган барча ходимлари, тиббий ходимлар, полициячилар иҳоталанган. Йўловчилар орасида мавсумий ишчилар ва Тонга Олимпия терма жамоаси аъзолари ҳам бўлган.

Янги Зеландиядан шимолда жойлашган Тонга оролида 106 минг киши яшайди. Маълумотларга кўра, қиролликнинг 31 фоиз аҳолиси коронавирусга қарши тўлиқ, 48 фоизи эса вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланган.

Ҳозирда Кук, Кирибати, Микронезия, Науру, Ниуэ, Тувалу, Питкерн, Муқаддас Елена, Токелау оролларида пандемиянинг иккинчи йилидан кейин ҳам ҳали бирорта касалланиш ҳолати қайд этилмаган.

Top