17:34 / 01.11.2021
5344
Наманган, Хоразм, Навоий вилоятларида давлат харидлари билан боғлиқ 11,2 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Наманган, Хоразм, Навоий вилоятларида давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари билан боғлиқ 11,2 миллиард сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда агентлик матбуот котиби Дурдона Очилова ташкилот фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилди.

Хусусан, Наманган вилоят ҳокимлиги инжиниринг компанияси буюртмачилигида «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган умумий қиймати 4,7 млрд сўмлик 3 та соғлиқни сақлаш муассасаси ўрганилганда, тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилгани аниқланди.

Хусусан, Наманган шаҳар 9-сон оилавий поликлиникасини мукаммал таъмирлаш бўйича буюртмачи томонидан 2021 йилнинг 3 август куни “Шаффоф қурилиш” электрон платформасида 2 млрд сўмлик эълон берилган.

2021 йил 10 август куни ушбу лот бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларида бажарилиши кўзда тутилаётган иш ҳажми жойига чиқиб ўрганилганида, поликлиника биносида мукаммал таъмирлаш ишлари “Barkamol qurilish ta’mir servis” МЧЖ томонидан бошланиб, иш ҳажми қисман бажарилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақа, шартнома ва тендер ҳужжатларини тақдим қилиш сўралганида, уларнинг умуман юритилмагани, оғзаки келишув асосида пудратчи қурилиш ташкилоти пудрат ишларига жалб қилингани, қурилиш ташкилоти томонидан бажарилган ишлар бўйича ҳисоб-варақалар бухгалтерияда умуман ҳисобга олинмаган.

Хоразм вилоятида 8 та ҳолатда жами 3,7 млрд сўмлик қурилиш ва жорий таъмирлаш ишлари бўйича эълонлар «dxarid.uz» махсус ахборот порталига “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун талабларига зид равишда жойлаштирилгани аниқланди.

Ушбу объектларнинг 5 таси Туризм ва спорт вазирлиги (2,6 млрд сўм), 2 таси Мактабгача таълим вазирлиги (680 млн сўм) ва 1 таси Халқ таълими вазирлиги (490 млн сўм)нинг қуйи тизимлари ҳиссасига тўғри келади.

Навоий вилоятида буюртмачилар томонидан 5 та ҳолатда умумий қиймати 1,8 млрд сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари танлов (тендер) савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномалари тузилмасдан бажарилган.

Хусусан, “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида соғлиқни сақлаш соҳасига 2 та (620 млн сўмлик), халқ таълими (600 млн сўмлик), маданият соҳалари (487 млн сўмлик) ҳамда давлат хизматлари марказига (125 млн сўмлик) 1 тадан объектлар тўғри келади.

Мисол учун, Навоий вилояти ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” ИК томонидан РШТЁИМ Навоий филиалида “Кислород станциясини” қуриш бўйича “tender.mc.uz” сайтига 2021 йил 17 июлда бошланғич баҳоси 364 560 153 сўм бўлган эълон жойлаштирилган.

Тендер комиссиясининг 2021 йил 29 июлдаги 3692-сонли якуний баҳолаш баённомасига асосан “TAYANCH QURILISH SERVIS” МЧЖ танлов ғолиби деб топилган ҳамда буюртмачи ва жамият ўртасида 328 136 000 сўмлик пудрат шартномаси имзоланган.

Агентлик томонидан қурилиш объекти жойига чиқиб ўрганилганида, “Кислород станциясини” қуриш ишлари танлов савдолари ўтказилмасдан, пудрат шартномаси тузилмасдан 2021 йил март ойида бошланиб, 2021 йил июнь ойида далолатнома асосида тўлиқ фойдаланишга топширилганлиги ва ҳозирги кунда станция ишчи ҳолатда эканлиги аниқланган.

Юқорида кўрсатилган ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилгани қайд этилган бўлиб, масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси ва бошқа моддалари билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди. Шунингдек, айрим ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом этмоқда.

Top