09:23 / 02.11.2021
3832
Coca-Cola спорт ичимликлари брендини 5,6 миллиард долларга сотиб олди

Coca-Cola компанияси спорт ичимликлари ишлаб чиқарувчи BodyArmor брендининг 85 фоиз акциясини сотиб олиб, унинг ягона эгасига айланди. Харид қиймати 5,6 млрд долларни ташкил қилди ва у АҚШ компанияси тарихидаги энг қиммат харид бўлди, деб хабар берилди компанияда. 

Фото: freemalaysiatoday

Бунгача Coca-Cola’га бренднинг 15 фоизи тегишли бўлган. У 2018 йилда ушбу улушни 300 млн долларга сотиб олган. Ўшанда BodyArmor 2 млрд долларга баҳоланган.

Coca-Cola ушбу брендни сотиб олиши эвазига спорт ичимликлари турини кўпайтириши ва бу борада PepsiCo компанияси билан самарали рақобатчилик қила олиши мумкин бўлади. 2020 йилда Coca-Cola ўз брендлари сонини 2 мартага қисқартиришга қарор қилган. Ўшанда у ўзини оқламаган 200 га яқин брендни ёпиб юборган.

Компанияда ўзининг спорт ичимликлари бренди Powerade бор ва унинг ҳиссасига АҚШ бозоридаги савдоларнинг 13 фоизи тўғри келади. Бироқ спорт ичимликлари бозорида PepsiCo’га тегишли Gatorade шубҳасиз етакчи бўлиб, унга бозорнинг 64 фоизи тегишли. BodyArmor эса бу борада 2-ўринни эгаллаган ва унинг ҳиссасига умумий савдонинг 18 фоизи тўғри келган.

2018 йилда Coca-Cola 5,1 млрд долларга қаҳвадан ичимликлар ишлаб чиқарувчи Costa Coffee брендини сотиб олганди.

BodyArmor’га 2011 йилда Майкл Репол ва Ланс Коллинз томонидан асос солинган. Компания маҳсулотлари спорт ичимликлари, минерал сув ва таркибида кофеин бўлган спорт ичимликларини ўз ичига олади.

Top