17:08 / 02.11.2021
5927
Ўзбекистонда 17 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси вақтинчалик рўйхатга олинган — ИИВ масъули

Ҳозирда уларни мажбуран қайтариб юбориш ҳолатлари йўқ. Амалдаги тартибга биноан, Афғонистон фуқаролари Ўзбекистонга фақат виза билан кириши мумкин.

Афғонистонда ҳокимият алмашиши ортидан минглаб афғонлар ўз юртини тарк этишга уринмоқда, бироқ қатор мамлакатлар, хусусан қўшни Ўзбекистон ҳам афғон қочқинларини қабул қилмаслигини билдирди.

Kun.uz Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига мурожаат қилиб, Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистонда бўлиш тартиби ҳақида маълумот сўради.

Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Азизхон Раҳматуллаев

Бош бошқарма бўлим бошлиғи подполковник Азизхон Раҳматуллаевнинг маълум қилишича, Афғонистон – фуқаролари Ўзбекистонда 30 кун давомида визасиз юриши мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатига кирмайди.

Афғонистон фуқароларининг Ўзбекистонга кириши бўйича алоҳида тартиб ўрнатилмаган. Афғонистон ва Ўзбекистон имзолаган халқаро ва икки томонлама шартномаларга мувофиқ икки давлат ҳудудида фуқаролар, бошқа хорижий давлатлар билан бўлгани каби фақатгина виза орқали ҳаракатланиши белгиланган.

“Ўзбекистонга ташриф буюрмоқчи бўлган Афғонистон фуқаролари Кобул ва Мозори Шарифдаги консулхоналаримизга мурожаат қилади. Айни вақтда Сурхондарёдаги чегараларимиз орқали афғон фуқаролари бемалол чиқиб кетишлари мумкин. Кириш эса фақатгина 3 тоифадаги виза асосида амалга оширилмоқда. Булар: бизнес, ишчи ва меҳмон визалар”, – деди ИИВ масъули.

Маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 17 446 нафар Афғонистон фуқароси вақтинчалик, 626 нафари эса доимий рўйхатда турибди.

Ҳозирда уларни Ўзбекистондан ўз юртига мажбуран қайтариб юбориш ҳолатлари йўқ. Афғонистон фуқаролари қонунчиликда белгиланган тартибда ўз визалари муддатини узайтириш бўйича мурожаат қилишлари мумкин.

Ўзбекистонга кириб келган афғонистонликлар вақтинчалик рўйхатга туриш учун меҳмонхонада ва ҳостелларда бўлса 2 кун ичида, қариндошларининг уйида бўлса 3 кун ичида ИИВ МвФРББга мурожаат қилиши керак.

Агар чет эл фуқароси 30 кундан кўп бўлмаган муддатда қолса, E-Меҳмон электрон тизими орқали ҳам вақтинчалик рўйхатга туриши мумкин.

Доимий рўйхатда турмоқчи бўлган хорижликлар ўша ҳудуддаги ИИВ МвФРББга мурожаат қилади. Уларга 5 йил муддатга ID-карта берилиши мумкин.

“Чет элликларни вақтинча ёки доимий рўйхатга қўйиш масаласи бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан келишув асосида амалга оширилади. Агар ажнабий фуқаронинг Ўзбекистонда қолиши мақсадга мувофиқ эмас деб топилса, унга автоматик равишда чиқиш визаси расмийлаштириб берилади. Нима учун мақсадга мувофиқ эмас деб топилиши бўйича изоҳ берилмайди”, – дейди Kun.uz билан суҳбатлашган подполковник Азизхон Раҳматуллаев.

Унинг эслатишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 225-моддасига мувофиқ, чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузишига нисбатан жарима ва 3 йилгача мамлакатга кириш ҳуқуқини чеклаб, Ўзбекистон ҳудудидан чиқариб юборишгача бўлган жазо турлари қўлланади.

Top