21:16 / 03.11.2021
3118
Шахмат бўйича Ўзбекистон чемпиони АҚШда тиббиёт олими бўлмоқчи

Небраска университетида тадқиқот олиб бораётганлар ичида ягона ўзбек қизи борлиги маълум бўлди. Нозима Арипова Небраска университетининг бакалавр босқичида биология йўналишида таълим олган бўлиб, кейинчалик у тиббиёт йўналишида ўқишини давом эттирган.

Фото: Шахсий архив

Омаха Небраска штатининг энг катта шаҳри. Бу ерда Небраска университети жойлашган. 1908 йилда ташкил этилган бу ўқув юрти, дастлаб, Омаха университети деб аталган. Бу ерда ўқиётган ва тадқиқот олиб бораётган талабалар орасида ўзбекистонлик Нозима Арипова ҳам бор.

“Америкада оилам билан 10 йилдан бери яшаймиз. Америкага ўқиш учун келганмиз. Бакалаврни битирдим, ҳозир тиббиёт йўналишига ўқияпман. Махсус дастур асосида докторлик даражаси учун тадқиқот олиб боряпман. Икки йил тиббиёт, тўрт йил докторантура ва яна икки йил ординатура, жами саккиз йил ўқиймиз”, - дейди у .

Нозима болалигидан шифокор бўлишни хоҳлаган. Бакалаврни биология бўйича тамомлаб, сўнг тиббиёт соҳасида ўқишини давом эттиришни хоҳлади. Небраска университети тиббиёт марказида икки йил шу йўналишда ўқиди, ҳозир докторантура талабаси.

Америка орзусига эришиш узоқ вақт ва меҳнат талаб қилади, дейди у. Бу ишда менга йўл кўрсатаётган мураббийларимдан миннатдорман, дея профессорларини алоҳида тилга олади.​

“Илмий ишимда иккита профессор билан ишлайман. Биринчи профессорим иммунология соҳасида жуда ҳам билимли. Иккинчи профессор шифокор ва ревматолог. Илмий ишимда улар менга жуда кўп ёрдам беради”, - дейди Нозима.

Нозиманинг айтишича, яхши мутахассис бўлиш ва яхши карера қилиш учун қайси университетни танлаш муҳим.

“Бакалаврдан кейин тиббиёт йўналишида ўқиш учун 35 та университетга ҳужжат топширдим. Шу 35 та университетдан 10 таси мени қабул қилди”, - дейди у.

Университетни танлашда нималарга эътибор бериш керак? Бўлажак тадқиқотчи ва талабаларга у шундай маслаҳат беради.

“Тиббиёт йўналишида университет танлашда учта факторга қарадим. Биринчиси – университетни битирган талабалар қаерда ординатура ўтаган, қанчаси ординатурага кирган? Бу маълумотлар вебсайтларда бор. Иккинчи фактор – сиз ўқимоқчи бўлган мутахассислик университетда қанчалик чуқур ўргатилади? Учинчиси – ўқув дастурига эътибор беришингиз керак. Ҳар хил универистетларда дастурлар ҳар хил бўлади. Менинг университетимда ўқув дастури янги; бошлашганига уч йил бўлди. Бу менга жуда ҳам ёқди. Бу маълумотлар ҳам университет сайтларига қўйилади”, - дейди Нозима.

Нозима ўқишдан ташқари бошқа машғулотларда ҳам фаол. Болалигидан турли спорт ўйинларига қизиқади. Айниқса, шахматга алоҳида меҳр қўйган. Бу ўйинда ҳаваскор эмас, балки профессионал даражага чиққан. Дунё бўйлаб кўплаб шахмат мусобақаларида қатнашган. Қизлар ўртасида шахмат бўйича 2009 йилги Ўзбекистон чемпиони. 2007 йил жаҳон чемпионатида энг кучли йигирматаликка кирган. Шахмат орқали Туркия, Россия, Вьетнам ва Германия каби давлатларга сафар қилган.

АҚШга ҳам илк бор 2009 йилда Техасда ўтган шахмат мусобақаси туфайли ташриф буюрган эди. 2012 йилда у оиласи билан Миссиури штатига кўчиб келди. Нозиманинг айтишича, шахмат диққатни йиғишни ва энг муҳим масалага эътибор қаратишни ўргатади.

“Узоқ йиллик мақсадим университетда ревматолог-профессор бўлиб ишлаш. Илмий ишимни битириб, беморлар билан ишлашни, уларни даволашни ҳам хоҳлайман”, - дейди у.

Нозиманинг олдида яна тўрт йиллик тадқиқот ва меҳнат турибди. Аммо у аҳдида қатъий. Меҳнат қилсангиз, албатта, орзуларингизга эришасиз, дейди у.

Top