10:42 / 04.11.2021
4816
Озарбойжондаги махсус карантин режими узайтирилди. ТИВ ўзбекистонликларга эслатма билан чиқди
Фото: AA

Озарбойжон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штаб қарори билан ушбу давлатдаги махсус карантин режими 2022 йил 1 январга қадар узайтирилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Боку шаҳридаги элчихонаси хабар берган.

Амалдаги қоидаларга кўра, ҳозирги вақтда Ўзбекистон фуқаролари Озарбойжон ҳудудига кириши учун паспорт туридан (хорижий, дипломатик) қатъи назар қатор ҳужжатларни ўзлари билан бирга олиши керак.

Улар:

  • Озарбойжон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги тезкор штабнинг махсус рухсатномаси. Ушбу рухсатномани расмийлаштириш тўғрисидаги сўров белгиланган тартибда қабул қилувчи томон тарафидан олдиндан, яъни Озарбойжонга жўнаб кетишдан 14 иш кунидан кам бўлмаган муддатда тезкор штабга жўнатилиши зарур. Аризанинг мавжудлиги рухсат олишни кафолатламайди ҳамда рухсатнома берилиши – Озарбойжонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароси тўғрисидаги маълумотларнинг давлат чегара хизматининг тегишли рўйхатларга ўз вақтида киритилишни таъминланмаслиги мумкин;
  • Озарбойжонга жўнашдан олдин сўнгги 72 соат мобайнида олинган COVID-19 аниқлаш учун ПЗР тести салбий жавоби тўғрисидаги тиббий маълумотнома. Чегарадаги ортиқча текширувлардан ва аэропортда расмиятчиликлардан айланиб ўтиш имконини берувчи QR код бўлиши маъқул (QR коди мавжуд бўлмаган маълумотномалар эгалари Боку шаҳрининг аэропортида батафсил текширувдан ўтади);
  • COVID-19 паспортларининг турларидан бири: «COVID-19’га қарши вакцинациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома» (фуқаро коронавирус инфекциясига қарши вакцинанинг камида икки дозасини олгандан кейин Ўзбекистон ваколатли тиббиёт органи томонидан бериладиган ҳужжат) ёки «COVID-19 иммунитети гувоҳномаси» (фуқарода коронавирус инфекцияси билан касаллангани ва унинг қонида антитаначалар мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон ваколатли тиббиёт органи томонидан бериладиган ҳужжат. Ушбу ҳужжат Озарбойжонга киришдан камида 6 ой олдин берилган бўлиши керак).

Билдирилишича, санаб ўтилган ҳужжатлар фуқаро ёнида бўлмаган тақдирда, ижтимоий мавқейи, давлат идораларида ва тижорат тузилмаларида эгаллаб турган лавозимидан қатъи назар, уларга Озарбойжонга кириш тақиқланади ва келган давлатига қайтарилади.

Аввалроқ, АҚШга борувчи ўзбекистонликларга мамлакатга киришда қўшимча талаблар қўйилгани эслатилганди.

Top