21:36 / 08.11.2021
28745
Шифокорларнинг ўртача маошлари маълум қилинди

2021 йил 1 июнь ҳолатига, давлат тиббиёт муассасаларидаги олий тоифали шифокорларнинг маоши ўртача 3,2 – 4,3 млн сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Молия вазирлиги ҳисоботида келтирилган.

Фото: Getty Images

Молия вазирлиги 2021 йилда давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳаси учун ажратилаётган маблағларга бағишланган “Фуқаролар учун бюджет” нашрини тақдим этди.

Унда давлат муассасаларидаги “алоҳида тиббий ходимлар”нинг ўртача ойлик иш ҳақи (қўшимча тўловлар билан қўшиб ҳисоблаганда) тўғрисида маълумотлар бор.

2021 йил 1 июнь ҳолатига кўра, бирламчи соғлиқни сақлаш муассасалари – оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда:

  • олий тоифали шифокорлар 3 млн 178 минг сўм;
  • олий тоифали патронаж ҳамшира 1 млн 919 минг сўм;

тез тиббий ёрдам бригадаларида:

  • олий тоифали шифокор 3 млн 654 минг сўм;
  • олий тоифали фельдшер эса 2 млн 207 минг сўм;

туман (шаҳар) марказий шифохоналари, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида:

  • олий тоифали шифокор-жарроҳ 3 млн 984 минг сўм;
  • олий тоифали юқумли касалликлар шифокори 3 млн 974 минг сўм;

шошилинч тиббий ёрдам марказларида:

  • олий тоифали шифокор-жарроҳ 4 млн 131 минг сўм;
  • олий тоифали шифокор-рентгенологлар эса 4 млн 437 минг сўм маош олишган.

Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи 1,1 баробарга оширилганди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев инаугурация маросимида сўзлаган нутқида тиббиёт соҳасига йўналтириладиган маблағларни 2 баробар ошириш, жумладан, келгуси беш йилда олий тоифали шифокорлар ва ўқитувчилар маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш мўлжалланаётганини айтганди.

Top