22:33 / 11.11.2021
6249
Хитойда Си Цзиньпин сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича “тарихий резолюция” қабул қилинди
Фото: Getty Images

Хитой Коммунистик партияси марказий қўмитаси мамлакат раҳбари Си Цзиньпиннинг сиёсатини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Таъкидланишича, Хитойда Компартиянинг 100 йиллик тарихи давомида партиянинг ютуқлари ҳақидаги бундай ҳужжат бор-йўғи учинчи марта қабул қилинмоқда.

Бунгача Хитой етакчилари орасида 1945 йилда Мао Цзэдун ва 1981 йилда Дэн Сяопин резолюциялари маъқулланган. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши Хитойнинг амалдаги раиси ютуқларини Цзэдун ва Сяопин эришган ютуқларга тенглаштиришга қаратилган.

“Ўртоқ Си Цзиньпин янги даврда партия ва давлатга тааллуқли бир қатор назарий ва амалий масалалар устида синчков таҳлил ва чуқур фикр юритиш орқали давлат бошқаруви соҳасида бир қатор янги ғоялар, фикрлар ва стратегияларни билдирди”, деб айтилган резолюцияда.

Унда “бутун партия, армия ва халқ партия марказий қўмитаси атрофида янада жипслашишга ва Си Цзиньпин раҳбарлигидаги социализм даврига ўтишни тўлиқ амалга оширишга” чорлов бор.

ОАВда таъкидланишича, ҳужжатнинг қабул қилиниши Си Цизньпин унга Хитой раиси лавозимини учинчи 5 йиллик муддат ва ундан кўпроқ эгаллашига имкон берадиган даражада машҳурликка эришганини англатади.

2018 йилда Хитой парламенти давлат раҳбари лавозимини эгаллаш муддатларига чекловни бекор қилган ва шу тариқа амалдаги раиснинг умрбод ҳокимият тепасида қолишига ягона тўсиқни бартараф этган.

Си Цзиньпин Хитой раиси лавозимини 2013 йил мартидан бери эгаллаб келади.

Top