18:27 / 25.11.2021
10597
Энг қиммат смартфонларнинг пулига Ўзбекистонда нималар сотиб олиш мумкин?

5 тонна картошка, контракт тўлови, Истанбулда ҳордиқ ва ҳатто автомобил. Ушбу мақолада iPhone 13 Pro Max ва Samsung Galaxy S21 Ultra смартфонларининг нархи қайси маҳсулот ва хизматлар нархига баробар экани ҳақида сўз юритамиз.

Фото: Apple/Samsung

Кундалик ҳаётимизда биз учун асосий ёрдамчилардан бири ҳисобланган гаджетлар – мобил телефонларнинг ўрни беқиёс. Ушбу қурилмалар дастлаб фақат қўнғироқ қилиш функциясини бажарган бўлса, вақтлар ўтиб ўз давридаги юзлаб технологияларнинг вазифаларини бажара олиш даражасига етди.

Масалан, замонавий смартфонлар суратга олишда фотоаппарат билан беллаша бошлади, ҳаттоки баъзиларида фильм олиш функциялари ҳам бор. Радио-магнитофон, компас, календарь, соат, барометр, электрон почта, ўйинлар ва ижтимоий тармоқлар, электрон пуллар, интернет ва интернет орқали кўрсатиладиган хизматларни гапирмаса ҳам бўлади.

Ўз навбатида, бундай қулайликлар ҳаммаси ҳам текинга келмайди. Биз бугун мобил телефонлар оламида етакчилик қилаётган, мухлислари қарама-қаршилиги Эл-классикодан (“Реал Мадрид” ва “Барселона” футбол клублари рақобати) қолишмайдиган Apple ва Samsung смартфонларининг энг қиммат ва машҳур брендлари ҳақида сўз юритамиз. Аниқроғи, ушбу флагманларнинг нархи эвазига Ўзбекистондаги истеъмол бозорида қандай маҳсулотлар ва хизматлар сотиб олиш мумкинлигини кўриб чиқамиз.

Жорий йилнинг сентябрь ойида тақдимоти ўтказилган iPhone 13 линиясидаги смартфонларнинг энг қиммати 1 ТБ доимий хотирага эга ва иккита SIM карта “ўқий оладиган” iPhone 13 Pro Max смартфони бўлиб турибди. Ўзбекистон бозорларида ушбу қурилмани 2021 йил 24 ноябрь ҳолатига 2300 АҚШ доллари ёки 24,7 миллион сўм нақд тўлов эвазига олиш мумкин. Агар бўлиб тўлаш эвазига харид қилинса, унинг нархи 3 минг долларгача ошиб кетади.

Хўш, Ўзбекистонда 24,7 миллион сўм эвазига нималар харид қилиш мумкин? 2021 йил 24 ноябрь санасига, энг яхши сифатдаги 301 кг лаҳм гўшт ёки 4900 кг картошка (деярли 5 тонна!) сотиб олиш мумкин.

Бу пулга уй учун керакли жиҳозлардан кичикроқ 6 та музлатгич ёки 4 та кир ювиш машинаси ёки 12 та 32 диагональ ҳажмдаги смарт-телевизор олиш мумкин.

Каттароқ буюмларга ўтсак, купертиноликларнинг энг қиммат смартфони нархида ҳаттоки, ҳолати яхши бўлган “Тико” автомобили харид қилиш ёки ҳозирги кунда долзарб бўлиб турган А-92 бензинидан 2572 литр (2,5 тонна!) харид қилиш мумкин. Агар автомобилингиз йўқ бўлса, кунига 40 минг сўмдан таксига пул сарфлаб ишга бориб келиш ҳисобланса, сизда 617 кун ишга бориб келиш имкони бўлади.

Хизмат кўрсатиш соҳасида эса бу пулларга Ўзбекистондаги кўплаб давлат олий таълим муассасаларида бир ярим йиллик тўлов-контрактни тўлаш мумкин. Бунда ташқари, тур-фирмалар тақдим қилаётган таклифларга кўра, бу пулга икки киши камида 14 кун Истанбулда дам олиб келади.

Samsung компаниясининг энг жозибали ва қудратли қурилмалари тақдимоти 2021 йил январь ойида ўтказилди. Galaxy S21 сериясидаги қурилмалар орасида 512 ГБ доимий хотирага эга, 2 та SIM картани “ўқий оладиган” Samsung Galaxy S21 Ultra смартфони етакчилик қилмоқда. Ўзбекистон бозорларида ушбу қурилмани 2021 йил 24 ноябрь ҳолатига 1400 доллар ёки 15,1 миллион сўм нақд тўлов эвазига олиш мумкин.

Хўш, Ўзбекистонда 15,1 миллион сўм эвазига юқоридаги маҳсулотлари ва хизматлардан бироз камроқ сотиб олиш мумкин.

Масалан, 2021 йил 24 ноябрь санасига, энг яхши сифатдаги 184 кг лаҳм гўшт ёки 3020 кг картошка (3 тоннадан ортиқ!) сотиб олиш мумкин. Ушбу маблағга уй учун керакли жиҳозлардан кичикроқ 4 та музлатгич ёки 3 та кир ювиш машинаси ёки 7 та 32 диагональ ҳажмдаги смарт-телевизор олиш мумкин.

Кореялик гигант компаниянинг ушбу смартфони нархида Ўзбекистонда ҳолати яхши бўлган “Жигули” ёки “Москвич” автомобилларини олиш мумкин. А-92 туридаги бензиндан эса 1572 литр (1,5 тонна!) харид қилиш мумкин. Агар автомобилингиз йўқ бўлса, кунига 40 минг сўмдан таксига пул сарфлаб ишга бориб келиш ҳисобланса, сизда 377 кун ишга бориб келиш имкони бўлади.

Samsung флагмани эвазига Ўзбекистондаги кўплаб давлат ОТМларида бир йиллик тўлов-контрактни тўлаш мумкин. Бунда ташқари, тур-фирмалар тақдим қилаётган таклифларга кўра, бу пулга икки киши 10 кун давомида Истанбулда дам олиб кела олади.

Мобил қурилмалар, маҳсулотлар ва хизматлар нархлари 2021 йил 24 ноябрь ҳолатиг кўрсатилган. Таҳририят юқоридаги барча маҳсулот ва хизматлар ушбу нархда сотилишига кафолат бермайди.

Фаррух Абсаттаров тайёрлади.

Top