07:48 / 02.12.2021
4003
Болаларни мактабга қабул қилишдаги коррупциявий хавфлар маълум қилинди

1 декабрь куни Тошкент шаҳрида болаларни мактабга қабул қилиш босқичида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш бўйича тадқиқот натижаларининг жамоатчилик муҳокамаси ташкил этилди. 

Фото: Kun.uz

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати хабарига кўра, 2020 йил декабрь ойида ишга туширилган лойиҳа мақсади – экспертлик лабораторияларини ташкил этиш ва республика миқёсида коррупциявий хавф-хатарларни ўрганиш, тадқиқотларга кенг жамоатчиликни жалб этиш. Тадқиқотнинг биринчи босқичи сўровнома ва интервью шаклида олиб борилди ва у болаларни бошланғич мактабга қабул қилишда коррупция хавфи ва ҳалолликни баҳолашга қаратилди.

Тадқиқот Ўзбекистондаги 114 та мактабдаги бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари, бошланғич синф ўқитувчилари ва мактаб директорларини қамраб олди. Апрель ойида Тошкент шаҳридаги иккита мактабда уч тоифа респондентлар ўртасида сўровлар ўтказилди. Май – июнь ойларида 14 та вилоятдаги 114 та мактабда кенгайтирилган сўровлар ўтказилди, бунда 28 та шаҳар, 31 та туман маркази, 31 та қишлоқ аҳоли пункти қамраб олинди. Тадқиқотда жами 4 920 нафар респондент, шу жумладан, 114 нафар мактаб директори, 1 563 нафар бошланғич синф ўқитувчиси, 3 243 нафар ота-она иштирок этди. Тўпланган барча маълумотлар тизимлаштирилди ва таҳлил қилинди.

Жамоатчилик муҳокамаси давомида коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият олиб борувчи давлат органлари, миллий ва хорижий экспертлар, халқ таълими вакиллари иштирокида таҳлилий тадқиқотнинг асосий натижалари тақдимот қилинди. Уч тоифа респондентлар – бошланғич синф ўқитувчилари, бошланғич синф ўқувчиларининг ота-оналари ва директорлар, умуман, мактабга қабул жараёнида бевосита қатнашувчилар орасида касбий этикага зид ва коррупциявий хатти-ҳаракат омиллари ва қатор фактлар аниқлангани таъкидланди.

Сўровнома иштирокчиларининг жавоблари асосида коррупциявий хавфлар ёки ноҳалоллик омиллари бўлган умумий тенденциялар аниқлаб олинди. Бу тенденциялар бошланғич мактабга қабул жараёни ва таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди. Улар асосан, микроҳудудларнинг квота тизими, мактаб биносининг етишмаслиги (синфларда ўқувчилари сони меъёридан ошиб кетиши), 1-синфга қабул қилишда таълим тили бўйича аниқ талаблар йўқлиги, таълим сифати пастлиги каби муаммолар билан боғлиқ.

Сўровда қатнашган ҳар бешинчи ота-она мактабда жой қолмагани учун ўзи яшайдиган микроҳудуд квотаси бўйича фарзандини жойлаштира олмаганини маълум қилди. Ўқитувчилар томонидан синфларда ўқувчилар сонининг меъёридан ошиб кетиши ҳолати бўйича энг кўп Наманган вилоятидан (52 фоиз), Андижон вилоятидан (37,5 фоиз), Тошкент вилоятидан (29 фоиз), Хоразм вилоятидан (26 фоиз) фикр билдирилди.

Муаммоларнинг аксарияти бюджет маблағларининг етарли эмаслигига бориб тақалган, бу, ўз навбатида, ота-оналар томонидан норасмий тўловлар амалга оширилишига, ўқитувчилар ва директорларнинг этикага зид ҳаракат қилишига сабаб бўлмоқда. Яна бир тенденция - мактаб таъминоти, унинг инфратузилмаси, мактаб ходимларининг ойлик маоши камлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, болалар мактабга қабул қилинаётганда психологик жиҳатдан тайёр эмаслиги, шунингдек, ота-оналар, юқори турувчи ташкилотлар томонидан ўқитувчи ёки директорга таъсир ва босим ўтказиш масалаларини қамраб олади.

Тақдимотда бундай ҳолатларнинг сабаблари очиқланди, хулоса ва тавсиялар тақдим этилди. Ишлаб чиқилган тавсиялар ҳамда тадқиқот методологияси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашига кўриб чиқиш учун киритилади.

Top