18:33 / 07.12.2021
2005
Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун дори-дармонлар хайрия қилди

Шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи ва бошқа турдаги дори-дармонлар кексалар, ногиронлиги бор беморларга бепул берилади.

Фото: Kun.uz

Generika Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси томонидан 10 турдаги дори воситалари ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар билан ишлайдиган муассасаларга бепул тақдим этилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, 6 декабр куни Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигида мазкур дориларни тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда иштирок этган қўшма корхона таъсисчиси Жорж Мулер компания ва мазкур хайриядан кўзланган мақсад ҳақида гапирди. 

Фото: Kun.uz

“Ҳиндистоннинг Generika компанияси юқори сифатли дорилар ишлаб чиқариш билан шуғулланади ва дунёнинг кўплаб мамлакатларига ўз маҳсулотларини экспорт қилади. Шу жумладан, Ўзбекистонга ҳам. Биз 3 йил аввал Generika Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма корхонасига асос солганмиз. Ўзим 10 йилдан бери шу мамлакатда тадбиркорлик билан шуғулланиб келаман. Ўйлайманки, Ўзбекистонда тадбиркорлар учун барча шароитлар яратилган. Шунинг учун мамнуният юзасидан республикада истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 10 турдаги дори воситаларини бепул тақдим этишга қарор қилдик. 

Бу дори-дармонлар Ўзбекистондаги фуқароларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари билан ишлайдиган муассасаларга бепул тарқатилди”, деди тадбиркор.

Фото: Kun.uz

Маълум қилинишича, хайрия сифатида берилган дорилар қиймати 410 млн сўмни ташкил этади. Дори-дармонлар Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги тиббий ижтимоий муассасалар ва имконияти чекланган болалар мактаб-интернатларига беғараз тарқатилади.

“Ҳомийларимиз дориларни мурувват ёрдами сифатида ажратишди. Бунинг учун уларга миннатдорлик билдирамиз. Дорилар орасида қонни суюлтирувчи, иммунитетни оширувчи, шамоллашга қарши препаратлар, ётоқ яраларни даволашда қўллаш учун малҳамлар бор. Ўйлаймизки, сифатли дорилардан кўплаб беморлар шифо топади”, деди агентлик директори ўринбосари Баҳодир Каримов.

Қайд этилишича, Generika Ҳиндистон-Ўзбекистон қўшма корхонаси ўтган йили ҳам шу каби дори воситаларини республикадаги ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун бепул хайрия қилган. 

Top