20:23 / 12.12.2021
6253
Макс Ферстаппен илк бор “Формула-1” чемпионига айланди

“Формула-1” пойгаларида Red Bull жамоаси учун иштирок этувчи нидерландиялик пойгачи Макс Ферстаппен фаолиятида биринчи марта пойгалар ғолиби бўлди. Ферстаппен жорий мавсумнинг охирги босқичи — Абу-Даби гран-присида амалдаги чемпион Льюис Ҳэмилтонни ортда қолдириб, чемпион унвонини қўлга киритди. 

Фото: EPA/Vostock-photo

Пойгалар тарихида 47 йил ичида илк бор чемпионликка даъвогар икки пойгачи – Ҳэмилтон ва Ферстаппен финал босқичига бир хил очко (369,5 дан) билан келди. Бундай ҳолат пойгалар тарихида бунгача фақат бир марта – 1974 йилда юз берган.

Амалдаги чемпион, Mercedes аъзоси Ҳэмилтон пойганинг аксарият қисмида етакчилик қилди, бироқ охирги айланада болиди покришкасини алмаштиришга улгурган Ферстаппен уни доғда қолдира олди. Натижада британиялик 2-ўрин билан кифояланиб қолди ва саккизинчи чемпионликни расмийлаштириш имконидан маҳрум бўлди. 

Умумий жадвалда Ферстаппен 395,5 очко, Хэмилтон 387,5 очко тўплади. 3-ўринни Mercedes’нинг яна бир аъзоси Валттери Боттас (230 очко) эгаллади.

Эътиборлиси, 2014 йилдан бери биринчи марта чемпионликни Mercedes аъзоси бўлмаган пойгачи қўлга кирита олди.

Конструкторлар кубогида қаторасига саккизинчи йил Mercedes 1-ўринни эгаллади.

Top