10:37 / 19.12.2021
2564
Филиппинда “Рай” тўфони қурбонлари сони 75 кишигача ошди
Фото: AP

Филиппинга ёпирилган Rai тўфони қурбонлари сони 75 кишигача ошди, 300 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Аввалроқ тўфон оқибатида 31 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Таъкидланишича, бу ҳали якуний рақамлар эмас, чунки мамлакатнинг кўплаб вилоятларида алоқа узилгани сабабли баъзи жойлардан тўлиқ маълумот келиб тушмаган.

Энг кўп жабрланган ҳудудларга ҳарбийлар, полициячилар, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар йўл олган.

Тўфон электр таъминотида узилишлар келтириб чиқарган, бу эса ўз навбатида сув таъминотида муаммоларга олиб келган.

Rai’нинг асосий зарбасини Сиаргао, Динагат ва Минданао ороллари қабул қилган. Айни вақтда тўфон Филиппиндан шимол томон 240 км/соатгача тезлик билан узоқлашмоқда. Бироқ 36 соат давомида Филиппиннинг Калаян оролларида кучли шамол сақланиб қолади.

Ҳонгконг метеорологик обсерваторияси маълумотларига кўра, “Рай” жорий йилдаги 22-тўфон бўлди. У Тинч океанининг ғарбида шаклланган. Прогнозларга кўра, тўфоннинг маркази 19 декабрда Вьетнамнинг Биньдинь провинцияси сув ҳудудларига кўчади.

Top