23:44 / 20.12.2021
17726
Порошенко давлатга хиёнатда гумонланмоқда

Украина прокуратураси мамлакат собиқ президенти Пётр Порошенкога қарши жиноий иш қўзғатди. У давлатга хиёнатда айбланмоқда. Порошенко 2014-15 йилларда Россия фойдасига хизмат қилган ишни амалга ошириб, руспараст айирмачилар эгаллаб олган Донбассдан кўмир сотиб олишига рухсат бергани айтилмоқда.

Фото: NurPhoto

Украина Давлат қидирув бюроси хабарига кўра, айни дамда Олий Рада депутати бўлган Порошенкога устидан иш очилгани бўйича хабар юборилган. Айбловда ДХР (Донецк халқ республикаси) ва ЛХР (Луганск халқ республикаси) террорчилик ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва терроризмни молиялаштириш бандларини ҳам учратиш мумкин.

«Украина бешинчи президенти Россия Федерацияси юқори мансабдорлари билан алоқада бўлган ҳолда ДХР ва ЛХР террорчилик ташкилотларининг фаолияти учун шароит яратиб беришда гумонланмоқда», дейилади бюро сайтида.

Дарвозага қистириб кетишган

Порошенконинг адвокатларига кўра, суриштирув бошлангани ҳақида маълумотнома собиқ президент уйининг дарвозасига қистириб кетилган. Адвокатлар бу ноқонуний ҳаракат экани ва бунга қарши даъво аризаси киритилишини айтмоқда.

«Икки соат аввал Пётр Порошенконинг уйига прокуратура ходимлари келиб қўриқчилардан унинг уйда ёки йўқлигини сўраган. Гўёки жаноб Порошенко айни дамда Польшада корференцияда эканини билмагандек. Шу аснода уйнинг дарвозасига «ДХРдан кўмир олиб келиш ишида» гумонланувчи сифатида 23 декабр куни сўроққа чақирилгани тўғрисида маълумотнома қистириб кетишган», деб ёзди Порошенконинг адвокати Илья Новиков фейсбукдаги саҳифасида.

Адвокат постга Порошенконинг уйида қолдирилган маълумотноманинг суратини ҳам илова қилган. Унда ёзилишича, собиқ президент Украина жиноят кодексининг 111-модда 1-қисми (давлатга хиёнат) ва 258-3-модда 1-қисми (террорчилик ташкилоти тузиш) билан айбланган.

Давлат қидирув бюроси вакиллари 17 декабр куни Рада биносида Порошенкога юқоридаги маълумотномани бермоқчи бўлган, аммо собиқ президент уни олишдан бош тортиб, кетиб қолган. Ҳозирда Польшада бўлиб турган Порошенко кейинчалик Туркияга ҳам боради. У етакчилик қиладиган «Европача бирдамлик» партиясининг маълум қилишича, Порошенко қочиб кетмаган, у режалаштирилган сафарда бўлиб турибди ва албатта мамлакатга қайтади.

«Кўмир иши»

Украина прокуратурасининг маълум қилишича, россиялик ёлланма ҳарбийлар Донецк ва Луганск вилоятларининг бир қисмини эгаллаб олгач, Украина жаҳон бозоридан кўмир сотиб олишга мажбур бўлган. Хусусан, ЖАРдан. Аммо Россия Украина юқори мансабли мулозимларига алоқага чиқиб, мамлакат энергия тизимидаги таъсирини қўлга олиш мақсадида ЖАР билан келишув бекор қилинишига ҳаракат қилган. 

Россияга бу режани амалга оширишда украиналик сиёсатчи Виктор Медведчук ва шахсан мамлакат президенти Пётр Порошенко ёрдам бергани гумон қилинмоқда. «Кўмир иши» жорий йил октябр ойидаёқ очилганди. Украина хавфсизлик хизмати бу борада бир нечта аудиоларни қўлга киритган. Уларда Виктор Медведчук ва Украина президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Дмитрий Козакнинг овозига ўхшаш овоз кўмир бўйича шартномалар ҳақида гапирган. «Медведчукка ўхшайдиган овоз» кўп марта Пётр Порошенко номини тилга олган.

Ўз навбатида сиёсатчи Виктор Медведчук молиявий террорда қатнашганини рад этган. Порошенко етакчилигидаги «Европача бирдамлик» партияси аппарат раҳбари Александр Турчинов эгаллаб олинган ҳудудлардан кўмир олиб келинганини рад этмаган ҳолда бу давлатга хиёнат эмаслигини айтган. «Гап уруш ҳолатидаги Украинани 2014-15 йилларда кўмир билан таъминлаш ҳақида кетмоқда», деган Турчинов.

Пётр Порошенко устидан биринчи марта иш очилаётгани йўқ. Владимир Зеленский ҳукумат тепасига келгач, Порошенконинг устидан ўнлаб иш очилди. Турчиновнинг фикрича, бу галги очилган ишда ҳам аввалгилари каби ҳеч қандай натижа чиқмайди.

«Зеленский бошчилигидаги ҳукумат Януковичнинг ҳаракатларини такрорлаб, рақибларига қарши курашмоқда. Охир-оқибат улар ҳам Янукович каби қуласа, ажабланмайман», деган Турчинов.

Украинанинг бешинчи президенти Пётр Порошенко 2014 йилдан 2019 йилгача мамлакатни бошқарган. У 2019 йил ўтказилган сайловларда иккинчи марта президентликка номзодини қўйиб, Владимир Зеленскийга имкониятни бой берган эди.

Top