09:08 / 23.12.2021
942
Ургутда «Дамас» машинасини олиб қочган шахс ЙТҲ содир этиб қочиб кетди
Фото: ИИБ ахборот хизмати

Ургут туманида машина олиб қочган шахс йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, қочиб кетган. Бу ҳақда ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2021 йил 17 декабр куни Ургут тумани ИИБга фуқаро Э.И. ариза билан мурожаат қилиб, машинасини ўғирлаб кетган номаълум шахсга чора кўришни сўраган.

Унинг мурожаатига кўра, 2021 йил 16 декабр куни ўзига тегишли бўлган оқ рангли «Дамас» машинасини кўчада қаровсиз қолдирганда номаълум шахс уни олиб қочган. Сўнг, «Чорчинор» маҳалласида йўл-транспорт ҳодисасига учраб, «Дамас»ни ҳодиса содир бўлган жойга ташлаб кетган.

Жиноят иши бўйича ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш давомида, «Дамас»дан олинган қўл бармоқ изларини аниқлаш мақсадида, вилоят ИИБ Эксперт криминалистика бўлимига судга-оид дактилоскопик экспертиза тайинланган.

Экспертиза хулосасига кўра, машинадаги қўл бармоқ излари Ургут туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган Б.Ҳ.га тегишли эканлиги аниқланган ва у вилоят ҳамда туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top