07:22 / 29.12.2021
10559
Шавкат Мирзиёев МДҲни ривожлантиришда асосий эътиборни учта соҳага қаратишни таклиф этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда жорий йилги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси 2022 йилга мўлжалланган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Пандемия оқибатларини енгиб ўтиш ва эпидемиологик хавфсизликни таъминлашда яқин ҳамкорликни давом эттириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

МДҲни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз юритар экан, давлат раҳбари асосий эътиборни учта: сиёсий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳамкорликка қаратишни таклиф этди.

МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо зонасини шакллантириш ва транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳим экани таъкидланди.

Иштирокчиларнинг эътибори глобал иқлим кун тартибини ҳисобга олган ҳолда барқарор “яшил” тараққиётга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш борасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратилди.

Озиқ-овқат хавфсизлигини мамлакатлар иқтисодиётларининг рақобатли устунликлари ва бир-бирини тўлдириб туришидан фойдаланган ҳолда таъминлаш масалаларини ҳал қилишга доир янги ёндашувлар ишлаб чиқиш долзарб экани қайд этилди.

Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон МДҲ доирасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади ҳамда саммит иштирокчилари ва улар орқали биродар халқларни яқинлашиб келаётган янги йил билан табриклади.

Шу билан президент Шавкат Мирзиёевнинг Санкт-Петербург шаҳрига амалий ташрифи якунланди, давлат раҳбари Тошкентга қайтиб келди.

Top