22:46 / 01.01.2022
4280
ЮНИСЕФ: 2005 йилдан буён Афғонистонда 28,5 минг бола қуролли тўқнашувлар қурбони бўлган
Фото: REUTERS/Omar Sobhani

Охирги 16 йилда Афғонистонда 28 500 нафар бола қуролли тўқнашувлар сабаб ҳалок бўлган. Мазкур рақамлар ушбу йилларда дунё бўйлаб урушлар оқибатида вафот этган болалар сонининг 27 фоизини ташкил этади. Бу ҳақда ЮНИСЕФ йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида маълум қилди.

Ташкилот бутун дунё бўйлаб болалар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётгани, болалар ўлими, уларни олиб қочиш, жинсий зўрлаш ҳолатлари камаймаётганидан хавотирда эканини маълум қилган. Ҳисоботда ёзилишича, ўтган ҳафта Мьянмадаги 35 киши қурбон бўлган фожиада 4 нафар бола, 2 нафар «Болаларни қутқаринг» халқаро ташкилоти ходимлари қурбон бўлган. «Йилдан-йилга можародаги томонлар бола ҳуқуқларини тобора кўпроқ бузишда давом этмоқда. Бу ноинсофлик сабаб болалар ўлмоқда», дейди ЮНИСЕФ ижрочи директори Ҳенриетта Фор.

2020 йил БМТ бола ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ 26 425 та ҳолатни қайд этган. Болаларга жинсий зўравонлик қилиш ҳолатлари хавотирли тарзда ўсиб бормоқда. Энг кўп болаларни ўғирлаш ҳолатлари Сомалида қайд этилган. Кейинги ўринларда Конго Демократик Республикаси, Чад, Нигерия, Камерун ва Нигер қайд этилган. Болаларга энг кўп Конго Демократик Республикаси, Сомали ва бошқа Марказий Африка республикалари ҳудудида жинсий зўравонлик қилинган.

ЮНИСЕФ 16 йил давомида Африка, Осиё ва Яқин Шарқдаги можароли ҳудудларда 266 мингдан ортиқ болаларга зўравонлик ишлатилган ҳолатларни қайд этган. Биргина Афғонистоннинг ўзида 2005 йилдан буён қуролли тўқнашувлар сабаб 28 500 бола ҳалок бўлган. 2015 йил бошланган қуролли тўқнашувлар сабаб Яманда 10 мингдан ортиқ бола ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган. Бу кунига 4 нафардан бола дегани.

2020 йилги ҳисоб-китобларга кўра, йил давомида болалар ҳалокатли ўлими билан боғлиқ ҳолатларнинг 50 фоизи портловчи воситалар ишлатилиши оқибатида содир бўлган. 3 900 нафар бола шу сабаб ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган.

Top