08:31 / 06.01.2022
2283
Экология идораларининг янги вазифалари белгиланди
Фото: Kun.uz

Президент томонидан “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик назорат соҳасидаги давлат органлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжат билан Давлат экология қўмитасининг қуйидаги янгиланган асосий вазифалари белгиланди:

  • экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, уларни қайта тиклаш ва инсон фаолиятининг табиатга салбий таъсири олдини олиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;
  • атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни таъминлаш, жамоатчилик назоратига услубий ёрдам кўрсатиш ва кўмаклашиш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш;
  • атроф-муҳитнинг қулай экологик ҳолатини, экологик тизимлар, табиий комплекслар ва объектларнинг муҳофаза қилинишини таъминлаш;
  • ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраш, улар турларининг хилма-хиллигини, табиий туркумлари яхлитлигини ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаш, қайта тикланиши ва ривожланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини олиб бориш, маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида давлат ва хусусий шерикчиликни фаол жалб қилган ҳолда тизимни ташкил этиш;
  • атмосфера ҳавоси, ер, ерости бойликлари, сув, ўрмонлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини ўрнатиш;
  • экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишини коррупциясиз соҳага айлантириш, экологик тарбия, тарғибот ва таълим тизимини ташкил этиш, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш.

Қуйидагилар тасдиқланди: Давлат экология қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси; Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг тузилмаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг намунавий тузилмаси; туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлимлари этиб қайта ташкил қилинсин ҳамда уларнинг намунавий тузилмаси.

Белгиланишича, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари бошлиқлари Давлат экология қўмитаси раиси томонидан бевосита лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси эса Давлат экология қўмитаси билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасини ҳамда экологик назорат тизимини янада такомиллаштириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.

2022 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари қуйидаги шарт ва мажбуриятлар билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади: ер участкаларини обод ҳолда сақлаш; дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғориш; йиғиштириш-тозалаш ишларини амалга ошириш ва чиқинди қутиларини ўрнатиш; болалар майдончалари, ўтириш жойлари (скамейкалар), тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш.

Доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериладиган ер участкаларида бино, иншоот, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш ҳамда енгил конструкцияли объектларни ўрнатиш ва қуриш тақиқланади.

Давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига тегишли ер участкаларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб бериш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Top