21:16 / 09.01.2022
9714
Замонавийлашаётган маҳалла: у аҳолига яқинлашяптими ёки узоқлашмоқда?

2022 йил президент томонидан «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинди. Маҳаллаларда амалга ошириладиган ислоҳотлар нималардан иборат? Бу ҳақда Самарқанд шаҳридаги «Боғимайдон» МФЙ раиси, кекса журналист Тошпўлат Раҳматуллаев ўз фикрларини баён этди.

Трансформация

Маҳаллага давлат томонидан эътибор кучайиб бораётган бир пайтда тизим ҳақида, унда маош олиб ишлаётган ходимлар фаолияти хусусида билдирилаётган салбий фикрларнинг сабаби нимада? Нега айрим чиқишларда ўта кескин, ҳатто нолойиқ сўзлар ишлатилмоқда?

Тизимни ислоҳ этиш йўлидаги ҳаракатлар, охирги икки йил давомида амалга оширилган ишлар ва шу кунлардаги ўзгаришлар айнан маҳаллани фуқароларга янада яқинлаштиришга, ҳар бир оиланинг дардига дармон бўлишига имкон яратишга, унинг жозибадорлигини оширишга қаратилган эмасми?

Кўп асрлик тарихга эга ҳамда ўзаро ишонч, ижтимоий мулоқот ва биргаликдаги масъулиятга асосланган маҳалладошлик, биродарлик туйғулари ҳукмрон бўлган маҳалла тизими кейинги йиллар давомида шаклан ва мазмунан ўзгарди.

Айниқса, 2020 йилнинг 18 февралида давлатимиз раҳбарининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва унга мувофиқ Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорининг эълон қилиниши муносабати билан бундай ўзгаришлар янада чуқурлашди.

Энди маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ҳамда ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими жорий этилди. Профилактика инспектори ҳам раисга ўринбосар, деб эълон қилинди.

Маҳалла фуқаролар йиғини зиммасидаги вазифалар кескин ошди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман (шаҳар) бўлими ва тегишли сектор юборадиган топшириқлар, турли йиғилишлар ҳам кўпайди. Ёзув-чизув ва ҳар хил кўринишдаги ишлар ошиб-тошиб кетганлигига қарамасдан, масъул котиб штати тугатилди. Шундай шароитда қандай йўл тутилди? Деярли ҳамма масъул котиблар маҳалла раисининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик (ОТТ) масалалари бўйича ўринбосари лавозимига ўтказилди.

Айрим мутасаддиларнинг ОТТ масалалари бўйича раис ўринбосарлари ўз вазифаларини уддалай олмаганлиги туфайли янги — ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилганлиги ҳақидаги гапларини ҳазм қилиш оғир. Чунки бу ўринбосарлар маҳаллада ҳар хил ҳужжат-у жадваллар тайёрлаш ва юқори ташкилотларга юбориш ва шахсан олиб бориб топшириш билан шуғулланди. Яъни улар аввалгидек котиблик вазифасини бажариб келди. Шу сабабли уларнинг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари билан шуғулланишга вақти ҳам, имкони ҳам бўлмади.

Юз берган ўзгаришлар туфайли аксарият ҳолларда маҳаллага ҳокимликларнинг бўлинмаси, давлат идораси сифатида қараладиган бўлди. Нафақат ҳокимлиг-у секторлар, балки турли давлат ташкилотлари ва бошқарув идоралари ўз зиммаларидаги вазифаларни бажаришни маҳаллага юклатадиган бўлишди. Бу асоссиз даъво эмас. Кимга керак бўлса, мурожаат қилсин, истаганича мисоллар келтиришим мумкин.

Жадвалбозлик, тайинсиз ҳисоботлар

Маҳалла раислари юқори ташкилотлар топшириқларини кескин камайтириш орқали аҳоли билан ишлаш, улар дардини эшитиш, муаммоларини ҳал этиш учун вақт қолдиришни сўраб, мурожаат билан чиқишмоқда.

Нафақат турли хил ҳисобот-у жадваллар тўлдириш, балки маҳаллада нечта ит ва мушук борлиги, томорқаларда қанча дарахт бўлиб, қандай экин экилганлиги ҳақида йил давомида бир неча марта суратли ҳисобот, ҳар хил сўровномалар ўтказиб, бланкалар тўлдириш ва сурати билан сектор ва бўлимга юбориш каби кўплаб вазифалар маҳалла ходимларининг асосий вақтини олмоқда.

Натижада, фуқаролар билан ишлашга вақт ва имконият қолмаяпти. Аҳолининг МФЙ раиси ва унинг ўринбосарлари фаолиятидан норозилигининг бош сабаби ҳам ана шунда. Негадир ижтимоий тармоқларда ва Telegram мессенжерининг «Маҳалла муаммолари» гуруҳида билдирилаётган танқидий фикр ва таклифларга деярли эътибор бўлмаяпти.

Айниқса, кўп қаватли уйларда яшовчилар улар маҳалла раисини, раис уларни танимаслигини, маҳалла мавжудлигини сезмаётганликларини билдириб, «бизга маҳалла нимага керак?» деган саволни ўртага ташламоқда.

Telegram мессенжерининг «Маҳалла муаммолари» гуруҳида маҳалла ходимларидан бирининг қуйидаги илтижосига эътибор қаратайлик:

«Жадвалларни камайтиринглар! Бир-биридан «ноёб» жадвалларни тўлдириш билан овора бўлган вақтимизда, қайсидир нотинч оила бизни кутаётган бўлади. Нима аҳвол бу жадвалбозлик? Бир ойда бир марта жадвал сўранг. Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштирайлик, ажримларни, нотинч оилаларни, жиноятчиликни камайтирайлик, десангиз, жадвалларга барҳам беринг. Агар шу кетиш бўлса, вазият яхшиланмайди. Чунки биз салбий ҳолатларнинг олдини олиш билан эмас, жадвал тўлдириш билан овора бўляпмиз».

Демак, қоғозбозликка чек қўйилмас ёки у кескин камайтирилмас экан, маҳаллани аҳолига яқинлаштиришнинг иложи бўлмайди.

Нима қилиш керак?

Қуйида Telegram мессенжеридаги «Маҳалла муаммолари» гуруҳига юборилган таклифлардан айримлари келтирилган.

Маҳалланинг фаолияти фуқаролардан тушган шикоятлар сони билан баҳоланиши лозим. Шунда маҳалла ходимлари маҳалладаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга асосий эътибор қаратади ва фуқароларнинг юқори ташкилотларга шикоят йўллашига ҳожат қолмайди ёки шикоятлар сони кескин камаяди.

varandej.livejournal.com

Агар маҳалла зиммасига ҳозиргидек вазифалар юклатиладиган бўлса, масъул котиб (иш юритувчи) штат бирлигини тиклаш зарур. Ташкилот котибсиз қандай фаолият юритади? Ўнлаб жадвал-у статистик маълумотлар, йиғилиш баёнлари тайёрлаш, кириш-чиқиш хатлари, уларга жавоблар, хатларни назоратга олиш, ҳар хил шикоятлар-у аризалар қабул қилиш, китобларни юритиш, ҳужжатларнинг сақланиши каби ишларни ким бажаради?

«Бола пули»ни тайинлаш туман (шаҳар) Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси (БТПЖ)га ўтганлигига қарамасдан, ҳужжатларни маҳалла қабул қилиб, БТПЖга етказади. Маҳалла ходимлари кимга ва нима учун нафақа тайинланганлиги ёки тайинламаганлигидан бехабар қолади. Аризаси қондирилмаган фуқаролар маҳалладан норози бўлади. Шу сабабли ҳужжатларни БТПЖнинг ўзи олса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Маҳалла тизимида хар бир туман (шаҳар) кесимида психолог штати ажратилиши таклиф этилмоқда. Маҳалла ходимлари ҳар бир шахснинг руҳиятидаги ўзгариш, кечинмаларни била олмайди. Шу сабабли салбий ҳолатларнинг олдини олишда психолог керак.

Маҳалла ходимлари томонидан уларнинг иши режалаштирилганлиги, кунлик, ҳафталик, ойлик режалар тузиш талаби қўйилаётганлиги ўринсиз эканлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Маҳалла ходимларининг кундалик иши ўзига боғлиқ бўлмаганлиги учун режалаштиришни бекор қилиш ва уларнинг фаолиятига баҳо беришни маҳалла аҳолиси ўртасида аноним сўровнома ўтказиш орқали амалга ошириш таклифи ўртага ташланмоқда.

Маҳаллаларда тайинланган ҳоким ёрдамчилари лавозимини маҳалла раисининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси, деб аташ тўғрироқ бўлиши ҳақида фикрлар мавжуд.

Профилактика инспектори ва посбонларнинг фақатгина маҳалла ишларини бажаришлари кераклиги ҳақидаги талаб амалда бажарилмаётганлиги бўйича айтилаётган гап-сўзлар эътиборсиз қолиб кетмоқда. Профилактика инспектори тунги навбатчилик ва ундан кейинги ҳордиқ соатлари, турли йиғилишлар ва топшириқлардан қолган вақтини маҳалла ишларига сарфламоқда.

Посбон эса тўла маҳалладан узоқлашди. Посбонни маҳаллага қайтариш лозим. Агар посбон маҳаллада ўз зиммасидаги вазифаларни тўлақонли бажарса, маҳалла раиси билан биргаликда масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишласа, ёшлар етакчиси деган янги лавозимга ҳожат қолмасди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ва сектордан юбориладиган топшириқларни қисқа муддатда бажариш талаб этилаётганлиги маҳалла ходимларининг ишга бўлган муносабатига салбий таъсир қилмоқда. «Зудлик билан бажаринг», «Тезда тўлдириб, суратлари билан қоғоз вариантини етказинг», каби чақириқлар билан келадиган талаблар баъзан бир кунда бир нечтани ташкил этади.

Бундан ҳам ёмони, юборилган бир жадвални тўлдириб берганингиздан бироз ўтиб, унинг ўзгартирилган бошқа шаклини жўнатишади. Шунча қилган ишингиз бир тийин бўлади. Ёки баъзан бўлим ва сектор юборган бир хил жадвал бир-биридан фарқ қилади ва шунда қайси бирини тўлдиришни билмайсиз.

Ҳа, шундай муаммолар ҳаддан кўп. Балки маҳалла тизимини ислоҳ қилишга киришишдан аввал тизимда кўп йиллар меҳнат қилаётганлар фикри ўрганилса, таклифни «паст»дан эшитиб, сўнгра хулоса қилинса, балки муаммолар ҳам камаярмиди?

(Давоми бор)

Тошпўлат Раҳматуллаев,

Самарқанд шаҳар «Боғимайдон» МФЙ раиси, журналист

Top