16:57 / 14.01.2022
13333
«Бу интеграцион лойиҳага шубҳа билан қараш учун асослар етарли» — Таҳлилчи ЕОИИ ва Ўзбекистоннинг унга яқинлашуви ҳақида

Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги билан Россиядаги ўзбек мигрантларининг яшаш ва ишлаш шароитлари яхшиланиши борасидаги айрим фикрларга ҳам ўз муносабатини билдирди.

«Бу масалада эътибор қаратиш керак бўлган икки нуқта бор. Биринчидан, Қирғизистон бу ташкилотга аъзо, лекин қирғизистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги ҳозирги вазияти ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг вазиятидан тубдан фарқ қилмайди. Ўша қийинчиликлар – ўша қийинчилик, ўша дискриминация – ўша дискриминация.

Иккинчидан, Россия бошқа давлатларни Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо қилиш учун босим воситаси сифатида меҳнат муҳожирларидан фойдаланаётгани кўриниб турибди.

Бу – ҳар бир давлатнинг тафаккури ва цивилизациясини кўрсатадиган ҳолат. Агар бу ташкилотга аъзолик Ўзбекистонга тўлиқ фойда келтирадиган бўлса, Ўзбекистон унга аъзолик учун аллақачон навбатга турган бўларди.

Масалан, Европада давлатларнинг Европа иттифоқига аъзо бўлиши унинг обрўйини глобал миқёсга кўтарадиган ҳодиса. Яъни бу ташкилотда инсон ҳуқуқлари, ҳуқуқий давлатчилик, фаровонлик ва эркинликни таъминлайдиган қоидалар, қадриятлар мужассам бўлган. Лекин Россия ёки ЕОИИ билан ундай эмас.

Cиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов 

Россиянинг репутацияси Ғарб билан гибрид шаклда курашаётган давлатдир.

Бугунги кунда Хитой ва Ғарб ўртасидаги «совуқ уруш» ҳақида кўп гапириляпти. Россия ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар эса анча аввал чигаллашиб улгурган.

Мана шундай фонда постсовет ҳудудига босим қилаётган ва ундан аввал «йигирманчи асрнинг энг катта фожиаси – тоталитар совет иттифоқининг қулашидир», деган давлатнинг интеграцион лойиҳасига шубҳа билан қарашимиз табиий. Чунки Ўзбекистон учун энг катта қадрият мустақиллик бўлар экан, унга етиши мумкин бўлган зарар, хавфлар менимча асосли.

Биз ЕОИИга давлатнинг мустақиллиги призмаси орқали қарашимиз табиий», деди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилиш мумкин.

Top