10:04 / 19.01.2022
4023
Товарлар учун нақд пулсиз ҳақ тўлаган истеъмолчилар рағбатлантирилиши мумкин
Фото: Getty Images

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақидаги, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига оид маълумот истеъмолчига давлат тилида берилади.

Товарда (ишда, хизматда) нуқсонлар борлиги ва унинг норматив талабларга мувофиқ эмаслиги аниқланганда, сотувчи мазкур нуқсонларни аниқлаш учун текшириш ўтказиш билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаши керак.

Қонун билан товарларни ахборот тизимлари орқали реализация қилишда истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби белгиланди.

Унга кўра, ахборот тизимлари орқали тузилган шартнома бекор қилинганда, сотувчи истеъмолчига товарни қайтариб бериш жойи тўғрисида хабар бериши керак.

Истеъмолчининг айбисиз етказилган шикастлантиришлар, шунингдек товарни кўздан кечириш ва уни текшириб кўриш мақсадида қадоғини очиш сабабли товар қийматининг пасайиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди (юқоридаги тартиблар 3 ойдан сўнг кучга киради).

Товарлар учун ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд пулли ёки нақд пулсиз) товар нархини ошириш ёки пасайтириш тақиқланади, товарлар (ишлар, хизматлар) учун нақд пулсиз ҳақ тўланганда истеъмолчиларга рағбатлантиришлар берилиши мумкин.

Top