20:10 / 25.01.2022
5765
Хитойда ўзбек маҳсулотларининг жонли эфирдаги савдоси ташкил этилди
Фото: Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси

Хитойда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар маҳсулотларини онлайн трансляция орқали сотиш тажрибаси йўлга қўйилган. Илк марта бундай савдоларда ўзбек маҳсулотлари ҳам қўшилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси Kun.uz'га маълум қилган.

Ушбу онлайн харид тизими Хитой савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган. Маҳсулотлар Alibaba, Taobao, Hema ва Fliggy онлайн платформаларида ташкил этилган жонли эфирларда сотилган. Ўзбекистон элчихонаси 260 мингдан ортиқ хитойликлар кузатиб борган онлайн савдода 9 турдаги маҳсулотлар билан иштирок этган. Хусусан, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кондитер маҳсулотлари, қадоқланган қуруқ мевалар ва минерал сувлар харидорларга намойиш қилинган.

Фото: Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб бундай онлайн савдоларда иштирок этган. Бу жараёнда харидорлар нафақат маҳсулотларни томоша қилиши, балки ўша заҳотиёқ онлайн харидни ҳам амалга ошириши мумкин. Маълумот учун, Хитой дунёдаги энг кўп истеъмолчиларга эга давлат ҳисобланади. Мамлакатда 400 миллиондан ортиқ ўрта класс вакиллари истиқомат қилади.

Top