14:20 / 28.01.2022
8885
“Болам ўз ҳолидан куйиниб йиғлайди”: икки қизнинг ҳасратида сарсон ота, кўзи ёшли она изтироблари

Қорақалпоғистонлик опа-сингил Мафтуна ва Гулдона Комилжоноваларга бирламчи иммунитет танқислиги ташхиси қўйилган. Қизлар бошқа болалар каби ўйнаб-кулиш бахтидан маҳрум бўлса, бошини яхши тута олмаслик, мустақил овқатлана олмаслик каби чекловларга маҳкум.

Қизлар жаннатнинг райҳонларидир. Фарзандларимиз орасида энг авайланадиганлари – қизларимизнинг дард чекишини тасаввур ҳам қила олмаймиз. Аммо қорақалпоғистонлик бу оиланинг бир эмас, икки қизи 12 йилдан бери бирламчи иммунитет танқислиги ташхиси сабаб хасталикда яшашади.

12 ёшли Мафтуна ва 8 ёшли Гулдонанинг кўзларида беғуборлик остидаги чексиз мунг қалбни оғритади. Шу сабаб оила бошлиғи 12 йилдан бери хорижда ишлайди, чунки зарур дори-дармонлар жуда қиммат. Фақат чет элдан топиш мумкин бўлган дориларни олиш учун оила ҳозир яшаб турган уйларининг ярмини сотишга мажбур. Бу дориларсиз эса қизларнинг аҳволи ниҳоятда оғирлашади. Қизалоқлар дард сабаб тенгқурлари билан яйраш бахтидан маҳрум бўлса, бошини яхши тута олмаслик, мустақил овқатлана олмаслик каби чекловларга маҳкум.

“Қизларим мунтазам равишда дори-дармон ёрдамида катта бўлишяпти. Шусиз уларнинг аҳволи ниҳоятда оғирлашади. Бу дориларни топиш осон бўлмаяпти. Фақат хорижда топиладиган дори воситаларини ўша ердаги ҳамюртларимиз орқали келтирамиз.

Мафтуна ҳамма нарсани тушуна бошлаган, сиқилади, ўз ҳолидан куйиниб йиғлаётганини сезаман. Мустақил юра олмайди, ўзи овқатлана олмайди – иккаласиниям ўзим овқатлантираман. Юрса ҳам, бир жойда ўтирса ҳам боши айланади. Дорилар ёрдамида буни камайтириш мумкин.

Ҳар қандай касалликни ҳам 2-3 йилда даволаса бўлади. Биз эса шунча вақтдан бери чора ахтарамиз. Ҳар ойда болаларим яшаши учун дорини, унга кетадиган маблағни қидираман. Бу ойга топсам, кейинги ойни ўйлайман”, — дейди қизларнинг онаси Меҳрибон.

Гўдакларнинг жавдираган нигоҳлари соғайишни, яшашни истаб мадад қидиради. Бу мадад эса улар қабул қиладиган дори-дармонларда бўлиб қолган. Шу бегуноҳ қизалоқлар соғлиги қанчалик муҳимлигини ҳис қилиш учун ўз фарзандларимиз кўзларига қараш кифоя.

Мафтуна ва Гулдона Комилжоноваларга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0423 9842 3847 онаси Меҳрибон Раззоқова номида

Сбербанк: 4276 4000 9208 6215 қариндоши Магсат Раззоқов номида

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top