11:06 / 14.02.2022
12325
Украина авиакомпанияси самолётига Киевга қўниш тақиқланди. Бу бошқа авиакомпаниялар билан ҳам рўй бериши мумкин

Мадейрадан Киевга учган йўловчи самолёти Украина ҳаво кенглигига кириш тақиқлангани туфайли Кишинёвга қўнишга мажбур бўлди.

Фото: Глеб Гаранич / Reuters

Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Португалиянинг Мадейра оролидан Киевдаги Борисполь аэропорти томон учган рейси ҳаво кемаси эгасининг тақиқи туфайли Украина ҳаво кенглигига кира олмади.

Авиакомпания сайтидаги онлайн-таблога кўра, Boeing 737-800 лайнери 12 февраль куни кечқурун Португалиядан учган ва кейинги кун тонгида Молдова пойтахти Кишинёвга қўнган.

Авиакомпаниянинг ҳодиса бўйича изоҳида айтилишича, самолётга эгалик қилувчи ирланд компанияси рейс амалга оширилаётган чоғда «Украина ҳаво кенглигида учиш тақиқланиши» ҳақида огоҳлантирган. Рейснинг барча йўловчилари учун Кишинёвдан Киевга қуруқлик орқали трансфер ташкиллаштирилган.

Украинадаги «Страна.ua» нашри авиабозордаги манбасига асосланиб хабар қилишича, 14 февраль куни йирик суғурта ва қайта суғурта компаниялари Украина осмонидаги парвозлар бўйича мажбуриятлардан воз кечиши ҳақида эълон қилиши мумкин.

Олий рада депутати Алексей Гончаренко ҳам телеграм каналида шу каби маълумот берган. Унинг маълумотига кўра, Буюк Британиядаги йирик суғурта компанияларидан бири 12 февраль куниёқ Украина ҳаво кенглигида учувчи фуқаролик самолётлари учун суғурта тўланиши тўхтатилиши ҳақида огоҳлантириш юборган.

«Катта эҳтимол билан Киев вақти билан эртага соат 16:00дан  Украина ҳаво кенглигида ҳаракат тўхтатилади», — деган депутат.

SkyUp лоукостери асосан Европа Иттифоқи ҳудудидаги резидентлардан самолётларни ижарага олган ҳолда фаолият юритади. Мазкур ҳолат бошқа самолётларга нисбатан ҳам юз бериши мумкинлигини инобатга олиб, авиакомпания 14-16 февраль кунларига авиачипталар сотишни вақтинчалик тўхтатган.

12 февраль куни Нидерландиянинг KLM авиакомпанияси Россия босқини хавфи кучайиши муносабати билан Украина устидан учишни тўхтатишини маълум қилганди. 13 февраль куни Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси ҳам Украинага парвозларни тўхтатиши мумкинлигини истисно этмади.

Украина инфратузилмалар вазирлиги эса мамлакат ҳаво кенгликлари ёпилиши ҳақидаги хабар асоссиз эканини маълум қилган. «Айрим авиаташувчиларда суғурта бозоридаги тебранишлар туфайли муаммолар юзага келмоқда. Давлат авиаташувчиларни қўллаб-қувватлашга тайёр ва авиабозор учун қўшимча молиявий кафолат тақдим этишни режалаштирмоқда», — дея қайд этилган вазирлик хабарида.

  • 11 февраль куни АҚШ ҳукумати Россия «исталган лаҳза»да Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Норасмий равишда бостириб кириш санаси сифатида 16 февраль куни келтирилган. Минтақада вазият кескинлашуви туфайли 30дан ортиқ мамлакат ўз фуқароларини у ерга бормай туриш ва у ерда бўлиб турганларни мамлакатни зудлик билан тарк этишга чақирган. Ғарб мамлакатлари ўз дипломатларининг бир қисмини эвакуация қилмоқда ёки элчихоналарини Киевдан Львовга кўчирмоқда. Москва Украинага бостириб кириш режаси йўқлигини айтиб келади.
Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top