Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пайариқ туманида бошқарувни йўқотган машина жарликка қулаб тушгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.

Фото: ИИБ ЙҲХБ
Маълум қилинишича, 2022 йил 17 февраль куни соат 15:30ларда 1994 йилда туғилган Х.Р. ўзига тегишли Lacetti машинаси билан 4Р-46 йўлининг Паст Дарғом туманидан ўтувчи 16-километрида келаётган вақтда, олд томонида кетаётган машинани нотўғри қувиб ўтишга уринган.
Оқибатда у бошқарувни йўқотган ва машина йўлнинг ўнг томонидаги ариққа тушиб кетиб ЙТҲ содир қилган.
Қайд этилишича, машинада ҳайдовчининг ўзи бўлган ва у енгил жароҳат олган. Унга тиббий ёрдам кўрсатилган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан Паст Дарғом туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.