13:55 / 11.03.2022
8447
“Оиламдагиларнинг бахтига соғайиб кетай” — ўзига шифо сўраётган болалар илтижоси

Орамизда шундай оилалар борки, улар учун ягона орзу, ягона бахт – соғликда. Фарзанд доғини, етимлик заҳрини тотгувчиларни кўпайтириш билан таҳдид қилувчи дарднинг бири оққон. Бугун ҳам уларнинг нолалари қалбларга етиб боришини истардик.

Тилаб олган боламда оққон

Дарднинг вақт, макон билан ҳисоблашмаслиги маълум. Оққонга чалинган болаларнинг аксарияти даволаниш учун вилоятлардан Тошкентга келиши одатий ҳолга айланган. Аммо пойтахтнинг ўзида ҳам бу машъум хасталик исканжасига тушган гўдаклар етарли экан. 4 яшар Сиддиқа шундайларнинг бири. Онаси қизалоқда хасталикнинг бошланиши шамоллаш каби кўрингани, кейин эса бутун оилани даҳшатга туширганини айтади:

“Оққонни эшитганман-у, нималигини билмасдим. Фарзандим бу дардга чалинганини айтишмади менга. Ташхисни ўқиб, интернет орқали қидирсам ҳамма маълумотлар келиб чиқди. Қарасам – оққон. Биринчи фарзандим нобуд бўлиб, бу боламни тилаб олгандик.

Қизим жудаям бошқача, ҳамма нарсага қизиқади. Осон шифо беришини сўраяпман. Касалхонадаги болаларни кўриб чидай олмаяпман. Барча болалар тузалиб кетишсин”.

Сиддиқа Комиловага оид маълумотлар:

Uzсard: 8600 5504 3374 4019 отаси Муҳаммадумар Комилов номида

«Бобом, момом, аям ва дадамнинг бахтига тузалсам бўлди» – ўзига шифо сўраётган хаста қизалоқ

Сурхондарёлик Мубина ҳозир 9 ёшда, 7 ёшидан бери бу дард билан курашиб келяпти. Саломатлиги сабаб мактабга қатнаш, бошқа болалар каби югуриб ўйнаш мумкин эмас. 14 неварасининг орасида энг суюклиси бўлган қизалоқнинг азоблари ота-онаси билан бирга бувиси учун ҳам ниҳоятда изтиробли.

“Мактабга боришни, тенгдошларим қаторида юришни, тезроқ тузалишни хоҳлайман. Уколлар қийнайди. Бобом, момом, аям ва дадамнинг бахтига тузалсам бўлди”, — дея ўзига шифо сўраётган Мубинанинг кўзларидан тўкилаётган ёшга юрак бардош бермайди.

Мубина Узоқовага оид маълумотлар:

Uzсard: 8600 0610 9963 4866 онаси Шаҳноза Эшқурбонова номида

“Ошхоналарда идиш-товоқ ювиб, ўғлимнинг нафақаси ҳисобига кун кўряпмиз”

Дилафрўзнинг бошига тушган ташвишларнинг адоғи йўқ. Уч фарзанди билан ёлғиз қолган аёлнинг турмуш ўртоғи ишлаш учун хорижга чиқиб кетганича дом-дараксиз. Бунга сабаб тўнғич фарзанд – Азизбекнинг касалликка чалингани бўлган.

“Боламда оққон аниқлангандан кейин отаси 1-2 ой ёрдам берди-ю, кейин ишлагани чет элга кетди. Шундан бери хабарсиз, телефони ҳам ўчган. 70 ёшли онам, ака-укаларим ёрдам беришади. Ўзим ошхоналарда идиш-товоқ ювиб, ўғлим учун оладиган нафақа ҳисобига кун кўряпмиз”, — дейди беморнинг онаси Дилафрўз Рашидова.

Азизбек Райимовга оид маълумотлар:

Humo: 9860 0825 1113 1383 онаси Дилафрўз Рашидова номида

“Келиним эндигина 27 га кирди, болалари учун керак”   

Беморликнинг азияти боладан ҳам кўра оналарга кўп озор етказиши тайин. Аммо шундай қайноналар ҳам борки, хаста келини учун оналардан кўпроқ куюнади. Жиззахлик оиланинг келини, икки фарзанднинг онаси Марғуба Эркабоева бир йилдан буён оққондан тузалиш умидида.

“Келинимни бир йилдан бери даволатамиз. Имконимиз етади деб ўйлардик. Бор нарсамизни сотдик, лекин етмади. Илик кўчириш операциясини тавсия қилишди, катта маблағ керак экан бунга. Унга имкониятимиз етмайди.

Келиним эндигина 27 га кирди. Икки фарзандининг бири 5 ёш, бири 3 ёшда. Шулар учун яшаса дейман”, — дея йиғлайди невараларини ўзи катта қилаётган она.

Марғуба Эркабоевага оид маълумотлар:

Uzсard: 8600 0424 9013 5455 Марғуба Эркабоева номида

Тақдирнинг синовларига бардош бериб, умидини узмаётган бу юртдошларимиз илтижоси беиз ва бежиз кетмаслигига умид қиламиз. Савобларга ўч халқнинг болалари хасталикни енгиши аниқ.

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top