14:35 / 18.03.2022
10050
“Кичкинагина жони беш йилдан бери азобда”: тўйиб нафас олиш орзусида яшаётган хаста қизалоқ

Оминахон тўйиб нафас олиш орзуси билан яшайди. Ўпка фибрози ташхиси қўйилган қизалоқнинг аҳволи кун сайин оғирлашмоқда. Доимий кислород аппаратидан нафас олиб яшаётган боланинг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўпка кўчириш операцияси зарур.

Биз катталарнинг орзуларимиз кўп: уй қуриш, тўй қилиш, саёҳатга чиқиш. 6,5 ёшли Оминахоннинг ягона орзуси эса ўпкасини тўлдириб нафас олиш. Беш йилдан бери дард чангалида яшаётган қизалоқнинг аҳволи кун сайин оғирлашмоқда. Унга ўпка фибрози ташхиси қўйилган. Қизалоқнинг ўпкасида чандиқлар бор ва ўпка кўчириш операцияси орқали унинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.

“Ўпкадаги чандиқлар ҳисобига сатурация тушиб кетаётгани учун қизим мунтазам кислород аппаратида нафас оляпти. Энди юрагига ҳам таъсир қилиб, юрак уриши тезлашган.

Болам жудаям қийналиб кетди. Кичкинагина жони беш йилдан бери шу касаллик билан курашиб келади. Шунча вақтдан бери кўрсатмаган шифокоримиз қолмади, лекин ҳаммаси ўпка кўчириш операциясини тавсия қилишди”, - дейди Оминахоннинг онаси Умида Каримбердиева.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида истиқомат қилувчи оиланинг бошлиғи қизини даволатиш учун тинимсиз меҳнат қилади. Қизалоқнинг онаси ҳамшира, аммо ҳозир бемор фарзанди парвариши билан бандлиги сабаб ишламаяпти.

Қизалоқнинг соғайиши учун ўтказиладиган операция учун катта маблағ зарур. Беш йилдан бери дардманд боласи билан сарсон ота-онада бунга имконият йўқ.

Суюкли бандаларнинг дард билан синалишини доим таъкидлаймиз. Аммо биз – замондошлар ҳам улар билан бирга синовдамиз. Хасталар дардини енгиллатиш орқали бу синовдан ўтиш мумкин.

Оминахон Ваҳобовага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0423 9983 4505 онаси Умида Каримбердиева номида

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top