10:04 / 18.03.2022
4270
Президент шифокорлар билан учрашмоқда, соҳа муаммолари атрофлича муҳокама қилиниши режалаштирилган

Бугун, 18 март куни президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказиши режалаштирилган. 

Фото: Президент матбуот хизмати

Kun.uz мухбири хабарига кўра, айни пайтда Халқаро форумлар саройида бу мулоқотга тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Очиқ мулоқот муддати бир неча марта ортга сурилди. Бунга бир тарафдан келиб тушаётган таклифлар жуда кўплиги сабаб бўлган бўлса, давлат раҳбарининг ўзи тадбирга пухта тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлаган.

Мулоқот соҳанинг келажаги, янги ислоҳотлар бўйича аниқ режаларни белгилаб бериши лозим ва унга тайёргарлик жараёнида 25 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган. Таклифлар тегишли вазирликлар ва президент администрацияси томонидан атрофлича ўрганилиб, соҳанинг асосий муаммолари белгилаб олинган.

Хусусан, юрак қон-томир, эндокрин ва онкологик касалликлар, трансплантология муаммоларига алоҳида тўхталиб ўтилиши, аҳолини соғлом турмуш тарзига жалб қилиш, оналар ва болалар саломатлиги бўйича янги чора-тадбирлар белгиланиши кутилмоқда.

“Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” шиори остида ўтказилаётган тадбирни саройнинг ўзида соҳанинг минглаб етакчи шифокорлари билан бирга ҳудудларда 10 мингдан ортиқ тиббиёт вакиллари кузатиб боради.

Президент нутқидан сўнг соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг таклифлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Top