20:00 / 24.03.2022
19199
“Ёшлар овози” танловига старт берилди
Фото: Ёшлар ишлари агентлиги

Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев ўзининг Telegram каналида маълум қилди.

Ёшлар ишлари агентлиги қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Бўзатов иқтидорларни кашф этади!” шиори остида ўтказадиган “Ёшлар овози” танловининг янги мавсумига иштирокчиларни рўйхатга олиш Telegram’даги @YoshOvozBot орқали амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида берган топшириқ ҳамда кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнида белгиланган вазифалар ижроси асосида ташкил этилган мазкур танлов ўтган йили илк маротаба ўтказилишига қарамай, ёшлар орасида тез фурсат ичида ўз ўрнини топди. Танловнинг кастинг босқичида иштирок этиш учун 3 мингга яқин ёшлар онлайн тарзда ҳамда кастинг ўтадиган куни шу жойнинг ўзида рўйхатдан ўтказилди. Ҳар бир ҳудуддан истеъдодли деб топилган 87 нафар овоз эгалари республика босқичида яна бир бор ўзларини намоён этиб, улардан 21 нафари ғолиблар қаторидан жой олди. Аҳамиятли жиҳати, танловнинг барча жараёнлари – кастинг босқичидан тортиб, республика босқичигача холис ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида ҳар бир иштирокчининг чиқишлари тўлиқ тасвирга олиниб,  танловнинг расмий ижтимоий тармоқларида жойлаштирилди. Бундан ташқари, тайёрланган махсус кўрсатувлар эфирга узатилди. Ҳудудларда ташкил этилган гала-концертларда эса ёшларнинг катта саҳналарда ўз санъатини намойиш этишлари учун имконият берди. Ҳаттоки, қисқа фурсат ичида танловнинг мадҳияси ҳам яратилиб, ёшлар орасида оммалашди. Таниқли санъаткорлар иштирокида “Юлдузлар Бўзатовга чорлайди!”, республика босқичи иштирокчилари орасида эса “Бўзатов бизни кут!” каби флешмоблар кенг қизиқишларга сабаб бўлди. Бир сўз билан айтганда Қорақалпоғистон Республикасининг қайта тикланган Бўзатов тумани ёш санъат ихлосмандларини бирлаштирадиган янги маданият ва санъат ўчоғига айланди.

Бу йил ҳам танловни анъанага айлантириш мақсадида янги овозлар кашф этилади. Ўтган йилгидан фарқли ўлароқ, танлов Низомига бир қатор ўзгаришлар киритилди. Жумладан, маҳаллаларда ёшлар билан ишлашнинг яхлит вертикал “маҳалла – туман – вилоят – республика” бошқарув тизимига асосланган ҳолда танлов босқичлари шунга мослаштирилди. Танлов беш босқични ўз ичига олади: саралаш (барча маҳаллаларда), сектор, маҳаллий, ҳудудий ҳамда республика. Ҳудудий босқичдан муваффақиятли ўтган истеъдод эгалари Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов туманида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Агар ўтган йилги тизим билан қиёслайдиган бўлсак, ҳудудий кастинг босқичидан танлов тўғридан-тўғри бошланган ва бу кўплаб истеъдод эгаларини кашф этиш имконини бермаган. Бу йилги янги механизм эса қуйи бўғиндан бошлаб, ҳар бир ёшнинг овозини эшитишни, уларни тўғри йўналтиришни мақсад қилган.

Ўтган йили танлов 2 ёш тоифасида (6-15 ёш, 16-30 ёш), 3 та  йўналишда (анъанавий ижро ва бахшичилик, опера ҳамда эстрада) ўтказилган. Ўз навбатида иштирокчилар ўртасида ёш мутаносиблигини келтириб чиқаргани боис бу йил танловда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар 3 ёш тоифасида (10-15 ёш, 16-22 ёш ва 23-30 ёш) бахшичилик, анъанавий ижро (мақом, катта ашула, суворахонлик), опера ҳамда эстрада каби 4 та йўналишнинг бирида иштирок этишлари белгиланди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, ўтган йили 1-ўринга 50 млн, 2-ўринга 25 млн ҳамда 3-ўринга 15 млн сўм миқдордаги пул мукофоти берилган. Шунингдек, республика босқичига чиққан қолган иштирокчиларни рағбатлантириш мақсадида 5 млн сўмдан ажратилган эди. Бу йил эса жамғарма миқдори ўзгарган бўлиб,  ҳар бир йўналиш бўйича 1-ўрин эгаси 50 млн, 2- ва 3-ўрин совриндорлари 30 млн ҳамда 20 млн сўм пул мукофотини қўлга киритишади. Бундан ташқари, қолган республика босқичи қатнашчилари 10 млн сўм билан тақдирланадилар.

Эслатиб ўтамиз, танлов ҳақида қўшимча маълумотларни танловнинг ижтимоий тармоқларидаги расмий каналлари ҳамда маҳаллалардаги ёшлар етакчиларидан олишлари мумкин.

Ёшлар ишлари агентлиги матбуот хизмати Ⓣ

Top