22:28 / 04.04.2022
71310
Тарихнинг қора саҳифаси. Буча воқеаларига дунёдаги реакция
Oleksandr Ratushniak / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қўшинлари қарийб бир ой давомида Киев областидаги Буча шаҳрини эгаллаб туришди — бир неча кун муқаддам улар шаҳарни ташлаб кетишган. Улар чекингач бутун дунё Россия ўзидан Буча Киев атрофидаги бошқа аҳоли пунктларида нималар қолдирганига гувоҳ бўлди: кўчаларда тинч аҳоли вакилларининг жасадлари ётар, айримларнинг қўллари боғланган ва бошидан отилганди. Бучадаги воқеаларга Украина, Россия ва бутун дунёдаги жамоат фаоллари, сиёсатчилар, иқтисодчилар ва журналистлар муносабат билдиришмоқда.

Олаф Шолц
ГФР канцлери

Украинадан қўрқинчли ва даҳшатли кадрлар етиб келди. Яқингача россиялик ҳарбийлар назоратида бўлган Буча шаҳрида тинч аҳоли вакиллари, жумладан аёллар, болалар ва кексалар отилган. Мен ушбу ваҳшийликлар ҳужжатлаштирилиши учун халқаро ташкилотларга ушбу ҳудудларга киришга рухсат берилишини талаб қиламан. Биз россиялик ҳарбийларнинг жиноятларини тергов қилишимиз ва айбдорларни жавобгарликка тортишимиз керак.

Антониу Гутерриш
БМТ бош котиби

Мен Бучада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилгани тасвирларидан ларзага келдим. Мустақил тергов ўтказилиши, сўнг [айбдорлар] жиноий жавобгарликка тортилиши жуда муҳим.

Эммануэль Макрон
Франция президенти

Киев яқинидаги озод қилинган Буча шаҳрида олинган фотосуратларга қараш оғир. Қўрқоқларча ўлдирилган юзлаб тинч аҳоли вакиллари кўчаларда ётибди. Қурбонлар учун ҳамдардлик билдираман, украинлар билан бирдамман. Россия ҳукумати бу жиноят учун жавоб бериши шарт.

Урсула фон дер Ляйен
Европа комиссияси президенти

Россия чиқиб кетаётган ҳудудларда сўз билан ифодалаб бўлмайдиган хабарлардан қаттиқ изтиробдаман. Зудлик билан мустақил текширув ўтказилиши керак. Ҳарбий жиноятлар учун айбдорлар жавобгарликка тортилади.

Шарль Мишель
Европа кенгаши президенти

Киевнинг озод қилинган ҳудудларида россияликлар армияси содир этган ваҳшийликлар кадрлари мени шокка туширди. ЕИ Украина ва нодавлат ташкилотларига халқаро судларда жиноий жавобгарликка тортиш учун зарур далилларни йиғишда ёрдам кўрсатади. Кейинги санкциялар ва ЕИнинг ёрдами йўлга чиққан. Украинага шон-шараф!

Борис Жонсон
Буюк Британия бош вазири

Россиянинг Ирпен ва Бучада тинч аҳоли вакилларига уюштирган қабиҳона ҳужумлари Путин ва унинг армияси Украинада ҳарбий жиноятлар содир этаётганининг яна бир далилидир.

Кремлнинг раддиялари ёки дезинформацияси биз барчамиз билган ҳақиқатни яшира олмайди — Путин умидсизликда, унинг босқини муваффақиятсизликка учради, Украинанинг қатъияти ҳар қачонгидан ҳам кучли. 

Мен Путиннинг ҳарбий машинасини йўқ қилиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Биз санкцияларимиз ва ҳарбий ёрдамимизни кучайтирмоқдамиз, шунингдек жойлардаги муҳтожларга ёрдам бериш учун инсонпарварлик ёдами пакетини кенгайтирмоқдамиз.

Марио Драги
Италия бош вазири

Буча ва Украина армияси томонидан озод қилинган бошқа районларда содир этилган жиноятлар тасвирлари қалбларни яралайди. Ҳимоясиз тинч аҳолига нисбатан бешафқат қатағон қўрқинчли ва тоқат қилиб бўлмас ҳолат. Россия ҳукумати зудлик билан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши, тинч аҳолига нисбатан зўравонлик ишлатишни бас қилиши керак. Улар нима бўлгани тўғрисида ҳисоб беришига тўғри келади. Италия бу даҳшатни қатъиян қоралайди ва Украина ҳамда унинг фуқаролари билан бирдамлигини билдиради.

Майя Санду
Молдова Республикаси президенти

Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларидаги ваҳшийликларга қараб бўлмайди. Тинч аҳолига нисбатан шафқатсизликдан шокдаман. Молдова инсониятга қарши бу жиноятни, Украинага қарши бу ноқонуний ва асоссиз урушни кескин қоралайди. Молдовада Украинада ҳалок бўлганлар хотираси учун мотам эълон қилинади.

Кая Каллас
Эстония бош вазири

Ирпен ва Буча шаҳарларида россиялик ҳарбийлар томонидан ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари суратлари советлар ва нацист режимлари томонидан содир этилган қирғинларни эслатади. Бу жанг майдони эмас, бу жиноят жойи. Украинада Россия томонидан тинч аҳоли вакиллари оммавий ўлдирилиши яққол ҳарбий жиноятдир.

Буни тўхтатиш учун бизга жасорат, ахлоқий софлик ва кўпроқ ҳаракатлар керак. Лоқайдлик — барча жиноятлар онасидир. Далиллар тўпланиши, суд учун сақлаб қўйилиши, жиноятчилар эса адолат поспонлари қўлига топширилиши керак. Бизга имкон қадар тез фурсатда ЕИнинг қатъий санкцияларининг бешинчи босқичи керак. Ниҳоят, бизнинг устувор вазифамиз Украинага ҳарбий ёрдамни кўпайтириш бўлиши керак. Улар ўз шаҳарларини қайтариши ва одамларни Россия босқини ва қатағонидан қутқариши керак.

Алексей Фурман
фотограф

Кеча Киевдан узоқ бўлмаган ҳудуддаги Дмитровка қишлоғидаги вайронгарчиликларни тасвирга олганимиздан кейин, биз йўлнинг Киевдан Житомиргача бўлган қисмини, аниқроғи  — Мила [қишлоғи]дан Мрия [қишлоғи]гача бўлган участкасини кўздан кечирмоқчи бўлди. Биз фуқароларнинг ёниб кетган кўплаб автомобилларини кўрдик, уларнинг ичида куйиб кетган одам жасадлари ётарди. Афтидан, россияликлар аввалига бу одамларни ўлдиришган, кейин ўз ҳарбий жиноятлари изини яширишга уринган.

Эркаклардан бирининг қўли скотч билан боғланганди. Катта эҳтимол билан уни асирга олишган.

Бу одамлар шунчаки хавфсиз жойга кетмоқчи бўлишган. Шундай оилалардан бирининг ўлдирилиши украинлар дрони томонидан тасвирга олинганди — видео бутун дунёга тарқалган. Ота қўлини кўтарган, шундан кейин уни отиб ташлашган, рафиқаси эса ўз танаси билан ўғлини тўсган.

Мен инсониятга ишонаман. Аммо кеча кўрганларим инсонийлик эмасди. Одамлар бундай ваҳшийликка қодир деб ўйлаш қийин. Аммо, биз кўрдикки, россияликлар бунга қодир экан. Буча ва Ирпенда аниқланган юзлаб жасадлар — бу ноинсонийликнинг биринчи далили эмас ва кўп эҳтимол билан, охиргиси ҳаммас. Мен кўрган нарсалар — ҳарбий жиноятдан ўзга нарса эмас.

Володимир Зеленский
Украина президенти

Бухарест, НАТО саммити декларацияси. 3 апрель, 14 йил олдин. Бунинг олдини олиш мумкин эди. Россия келмаслиги учун. Буча, Киев области. Энди Россия келган. Россиялик ҳарбийларнинг оналарига кўришни тавсия қиламан [Бучадаги суратларни]. Қаранг, сиз қандай разилларни ўстиргансиз. Қотиллар, талончилар, жаллодлар. 

Йенс Столтенберг
НАТО бош котиби

Биз Европада тинч аҳоли вакилларига нисбатан бундай шафқатсизликни ўнлаб йиллардан буён кўрмагандик. Оддий фуқаролар нишонга айланиши ва уларни ўлдиришлари даҳшатли ва бунга тоқат қилиб бўлмайди. Бу уруш якунланиши керак.

Анналена Бербок
Германия ташқи ишлар вазири

Бучадан келган суратларга чидаб бўлмайди. Путиннинг шафқатсизлигининг чек-чегараси йўқ, у бегуноҳ оилаларни йўқ қилди. Ҳарбий жиноят учун жавобгарлар жазоланиши керак. Биз Россияга қарши янада қатъий санкциялар киритамиз ва Украина мудофаасини қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Алексей Арестович
Украина президенти офиси маслаҳатчиси

Буча, Ирпень ва Гостомель — озод қилинган бу шаҳарлардаги манзаралар қўрқинчли фильмлардаги постапокалиптик кадрларни эслатади.

Буча, Ирпен ва Гостомелда содир бўлган воқеалардан дунё даҳшатга тушиши керак. Афсуски, мен Украинанинг бошқа шаҳарларидаги картинка яхшироқ деб ўйламайман. Аммо Украина қуролли кучлари, бошқа мудофаа кучлари ва Украина махсус хизматлари жиноятчиларни топиш ва жазолаш учун барча ишни қилишади. Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Бугунга бошқа янгилик бўлмайди. Дунё даҳшатга тушиши керак.

Жо Байден
АҚШ президенти

Балки, эсларсиз, Путинни ҳарбий жиноятчи деганим учун танқид қилишганди. Бучада нималар бўлганини кўрдингиз. Бу у ҳарбий жиноятчи эканини тасдиқлайди. Аммо биз маълумот йиғишимиз керак. Биз Украинани қуроллар билан таъминлашда давом этишимиз керак, уларга курашни давом эттириш учун қуроллар керак, ва биз ҳарбий жиноятчилар устидан суд ўтказа олишимиз учун барча деталларга эга бўлишимиз керак.

Энтони Блинкен
АҚШ давлат котиби

Бу тасвирларда ҳаётга берилган зарбани сезмаслик мумкин эмас. Биз россиялик ҳарбийлар ҳарбий жиноят содир қилди деб ҳисоблаймиз ва бу хатти-ҳаракатларни ҳужжатлаштириш устида ишлаймиз, шунингдек ўзимиздаги мавжуд маълумотларни тегишли ташкилотларга тақдим этамиз. Бу қилмиш учун жавобгарлик бўлиши керак.

Жозеп Боррелль
Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари

Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларидаги қирғинлар Европа заминида содир этилган ваҳшиёна ҳаракатлар рўйхатига тиркалади. Россия ҳукумати оккупация вақтида содир этилган бу ваҳшийлик учун масъул. Айбдорлар жавобгарликка тортилади.

Анжей Дуда
Польша президенти

Жиноятчини жиноятчи дейиш керак, жавобгарликка тортиш ва судда жазога маҳрум этиш керак. Бучадаги тасвирлар ҳар қандай ҳолатда ҳам муросага интилиш керак деган ишончни рад этади. Аслида Украина ҳимоячиларига ҳаммасидан ҳам муҳим уч нарса керак: қурол, қурол ва янада кўп қурол.

Жастин Трюдо
Канада бош вазири

Биз Украинада тинч аҳоли вакиллари ўлдирилишини кескин қоралаймиз, Россиядаги тузумни жавобгарликка тортишга интилиш ва Украина халқини қўллаб-қувватлаш учун барча имкониятларни ишга солишда давом этамиз. Ушбу даҳшатли ва кишини ғазаблантирувчи ҳужум учун масъуллар жавобгарликка тортилади.

Яир Лапид
Исроил ташқи ишлар вазири

Киев яқинидаги Буча шаҳридан рус армияси кетганидан кейинги қўрқинчли картинага бефарқ бўлиш имконсиз. Тинч аҳолига қасддан зарар етказиш ҳарбий жиноят ҳисобланади ва мен уни қатъиян қоралайман.

Фумио Кисида
Япония бош вазири, иқтибос 4 апрель кун Токиода ўтган матбуот анжуманидан

Киев атрофида тинч аҳолига нисбатан қилинган сўравонликни Кисида «халқаро ҳуқуқ бузилиши» деб атаган. У шунингдек Япония Россияга қарши эҳтимолий санкциялар бўйича халқаро ҳамжамият билан ҳамкорлик қилишини айтган. «Биз инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар ва халқаро ҳуқуқни бузувчи хатти-ҳаракатларни кескин қоралашимиз керак», — деган Кисида.

Жасинда Ардерн
Янги Зеландия бош вазири, иқтибослар 4 апрель куни Веллингтонда ўтказилган матбуот анжуманидан

Россия қилган иши учун бутун дунё олдида жавоб бериши керак.

Албатта, биз халқаро ҳамжамият сифатида [Бучада] гувоҳ бўлган ҳолат, Россия томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар далилидир.

Алал-оқибат, бу [Россиянинг уруш жиноятлари учун суд қилиниши] Халқаро жиноий суд томонидан амалга оширилиши керак, аммо далиллар мавжуд ва Янги Зеландия бундай далилларни тўплаш ва Россияни жавобгарликка тортишда прокуратурани органларига кўмак беради.

Христо Грозев
Тадқиқотчи-журналист

[Ирпенда олинган суратларда] — Россиянинг озод қилиш операцияси муваффақиятсизликка учраши оқибатлари акс этган. Россиянинг оддий фуқаролари умрининг охирига қадар репарация сифатида тўлаши керак бўлган ҳақиқий нархни тушунармикан?

Катерина Малафеева
украиналик журналист, Мотижин қишлоғи бошлиғи Ольга Сухенко ва унинг оиласи ҳақидаги некролог муаллифи

Улар қишлоқ аҳли учун жон куйдиришди, барча билан алоқада бўлишга, озиқ-овқат билан ёрдам беришга ҳаракат қилишди. Имконсиз ишларни қилишди — гуманитар коридорларсиз қишлоқдошларининг ва Киевдан Мотижинга хавфсиз жой излаб келганларнинг эвакуациясини ташкиллаштиришди. Аммо Мотижин кўпчилик учун хавфсиз жой бўлмади. Уларнинг ўзи учун ҳам. Мотижин миннатдор. Мотижин оилага чин дилдан ҳамдардлик билдиради. Мотижин ҳеч қачон унутмайди.

Дмитрий Комаров
украиналик телебошловчи, «Мир наизнанку» дастури муаллифи

Тонгда Патрул полицияси департаментининг илк колоннаси озод қилинган Бучага кирди. Бугундан гуманитар ёрдам етказиб бериш бошланди. Ҳаммасидан ҳам энг кераги нон. Одамлар нонни кўриб йиғламоқда. Қўрқинчли вайроналар ва Россия армияси ваҳшийлиги — улар тинч шаҳар ва тинч аҳолини яксон қилишди. Шафқатсизларча, қўлларини боғлаб қўйиб, одамларни ўлдиришди. Талашди. Кўтариш мумкин бўлган барча нарсани олиб кетишди. Кетишда миналаш мумкин бўлган барча жойни миналашди. Мисли кўрилмаган даражада шафқатсизлик ва ғайриинсонийлик.

Олдинда иш кўп. Тиклаймиз ва қайта қурамиз. Қуролли кучлар, полиция, миллий гвардия ва бошқа барча тузилмаларимиздаги қаҳрамонларимизга шон-шарафлар. Ирпень озод этилди. Буча озод этилди. Ғалаба яқин. Украинага шон-шараф!

Томас Ҳендрик Ильвес
Эстониянинг собиқ президенти

Ғарбдаги ҳар бир жиддий нашр Шольц, Макрон, Орбан, Байден ва бошқалардан Бучадаги қирғин ҳақида нима дейишларини сўраши керак. Ва улар энди нима қилмоқчилигини.

Бучадаги кўчалардан бирида ётган жасадлар
Ronaldo Schemidt / AFP / Scanpix / LETA

Константин Сонин
иқтисодчи

Бу кадрларни ҳозир бутун дунё кўрмоқда. Киев яқинидаги Бучада қўллари боғлиқ ҳолда қатл қилинган тинч аҳоли вакиллари. Уларни урушнинг бир неча ҳафтаси мобайнида эгаллаб турган россиялик аскарлар ўлдиришган.

Ксения Юдаева, Максим Орешкин, Алексей Кудрин — сиз жиноятчилар учун ишламоқдасиз. Ҳатто агар [Владимир] Путин, [Сергей] Шойгу, [Сергей] Лавров, [Валерий] Герасимов, [Валентина] Матвеенко, [Дмитрий] Песков ва бошқалар адолатли суддан ва дордан қутулиб қолса ҳам, бу кадрларни ҳеч ким ва ҳеч қачон унутиб юбормайди.

Отилган одамлар ҳар қандай тарих дарслиги ва исталган биографияда «Путин» сўзига ҳамроҳ бўлади; Россиянинг ҳар қандай тарихида бу қора, қора саҳифа бўлади. Аммо бундан ҳам ёмони бор — бу тўда тўхтатилмаса, ҳали яна кўплаб жиноятлар содир этади. Аммо уларда иштирок этмаслигингиз мумкин.

Ва қўрқмаслик керак. Мен ҳибсга олиниш қўрқуви қандай бўлишини биламан, аммо тўғрисини айтганда ҳибсга олиниш ҳам сизга чинакам таҳдид солмайди. Таҳдид солади ҳам дейлик.  Майли ҳибсга олишсин ҳам. Бу фотосуратлар ёнида бўлиш қўрқинчлироқ эмасми?

Александр Шчерба
Украинанинг Австриядаги элчиси

Кеча яхши кун эди — Россияни Киев областидан қувиб солишди. Бугун ёмон кун: биз улар ўзидан нима қолдирганини кўрдик. Рус тили она тилларидан бири бўлган ва рус маданиятини яхши кўрадиган одам сифатида мен том маънода тилдан қолдим. Толстой ва Чайковскийни унутинг. Россия энди варварликни англатади.

Арнауд Комте
France 2 телеканалининг француз журналисти, у воқеалар жойида бўлиб, аёлларнинг жасадларини суратга олган

Бу қалбни ларзага солувчи суратни Украинанинг Ирпень шаҳрида олдим. Ёш аёл уйдан қочиб чиқиш вақтида снаряд портлашидан ҳалок бўлган. Унинг қўлида калит, брелокда — Европа рамзи [Евроиттифоқ байроғи]. Ёрдамга келмаган Европа. Аммо гувоҳ бўлган.

Михаил Палинчак
фотограф

Ҳиссий жиҳатдан жуда оғир кун. Парчаланган таналар, вайрон қилинган ҳаёт ва тақдирлар. Урушни истамаган, урушдан қочган аммо улгурмаган одамларнинг кети узилмас изтироблари. Ҳозир биттадан ортиқ сурат қўйишга куч йўқ.

[Улардан бирида —] тинч аҳоли вакили бўлган одамлар жасади трасса бўйида ётибди, Киевдан 20 километр масофада, Киев области, Украина, 2022 йил 2 апрель. Мато остида — бир эркак ва бир неча кийимсиз аёллар жасадлари. Уларни йўл ёқасида биргаликда ёқиб юборишга уринишган.

Украина ҳудудий мудофаа қисми жангчиси трасса бўйида тўрт киши устига ёпиб қўйилган матони кўтариб қарамоқда. Жасадларнинг бир қисми куйиб кетган.
Mykhaylo Palinchak / SOPA / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Митя Алешковский
«Нужна помощь» хайрия фонди ва «Такие дела» лойиҳаси собиқ директори

Шахсий масъулиятни ҳис қилиб, қандайдир бошқача яшай бошлашингиз керак. Масалан, кечирим сўраш мумкин ёки энди ёлғон ҳақиқат бўлишига йўл қўймаслигингиз керак. Бу ҳам тавба қилишдир.

Агар ҳар биримиз шахсан, у ёки бу тарзда, озми-кўпми, аммо барибир бўлаётган воқеаларга, урушга, ўз халқига қатағонларга, анархияга, миллионлаб одамларнинг телбалигига алоқадор эканимизни тушуниб етсак, агар буни ҳамма қабул қилса, ўшанда Россияда қандайдир келажак борлигига умид пайдо бўлади. Биз ўзимиздан жавобгарликни соқит қилар эканмиз, барчамиз айбдор бўлиб қолаверамиз.

Мен Митя Алешковский. Ва мен Бучада бўлган ишлар учун масъулиятни зиммамга оламан. Мариуполда бўлган ишлар учун. Киев, Харьков, Чернигов, Житомир, Львов, Николаев, Одесса ва мустақил Украинанинг бошқа шаҳарлари ўққа тутилиши учун. Донбассда шу 8 йил давомида бўлган барча ишлар учун. Россияда содир бўлган ва содир бўлаётган ишлар учун.

Мен буёғига қандай яшашимни, қаерда яшашимни ва нима иш қилишимни билмайман. Мен биламанки, энди ҳеч қачон ёлғон ва ёвузлик тантана қилиши ва ҳукмрон бўлишига йўл қўймайман.

Дмитрий Кулеба
Украина ташқи ишлар вазири

Бучадаги қирғин қасддан амалга оширилган. Руслар имкон қадар кўпроқ украинларни йўқ қилишни кўзлаган. Биз уларни тўхтатишимиз ва қувиб юборишимиз керак. Мен янги қатъий санкцияларни талаб қиламан: нефть, газ, кўмирга эмбарго; барча портларни Россия кемалари ва товарлари учун ёпиш; Россиянинг барча банкларини SWIFT’дан узиш.

Бучадаги биродарлик қабристонларидан бири
Zohra Bensemra / Reuters / Scanpix / LETA

Алексей Венедиктов
«Эхо Москва» радиостанциясининг собиқ бош муҳаррири

Буча шаҳри. Даҳшат. Халқаро текширув ўтказилиши зарур.

Максим Леонидов
мусиқачи

Фейсбук сўрамоқда: «Бугун сизда қандай янгилик?». Барча шахсий янгиликлар аҳамиятини йўқотди. Бизнинг барчамизда янги гап фақат битта. Бугун бу Буча.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top