17:14 / 11.04.2022
11759
Зеленский: Мариуполда ўн минглаб одамлар ҳалок бўлган

Зеленский Жанубий Кореяга ҳарбий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Украина президенти Володимир Зеленскийнинг маълум қилишича, Россия қўшинлари томонидан қамал қилинаётган Мариуполда уруш бошланганидан буён тинч аҳоли вакиллари бўлган ўн минглаб кишилар ҳалок бўлган. Бу ҳақда у Жанубий Корея парламентига мурожаати вақтида айтиб ўтди.

Зеленский шунингдек Россия янги ҳужум бошлаш учун яна ўн минглаб ҳарбийларини йиғаётганини айтиб ўтган. У катта эҳтимол билан россияликларнинг Донбассда кенг кўламли ҳужумга ўтишга тайёрланаётганини назарда тутган.

У Жанубий Кореядан ҳарбий ёрдам сўраган.

«Бизга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак, самолётлар, танклар, бошқа зирҳли техникалар, артиллерия тизимлари ва ўқ-дорилар керак. Сизда эса бизга зарур нарсалар бор», деди у.

  • Россия ҳарбийлари март ойи бошидаёқ жанубдаги порт шаҳар Мариуполни қамал қилишни бошлаган. Март ойи ўрталарига келиб маҳаллий ҳукумат шаҳардаги биноларнинг 80-90 фоизи вайрон бўлгани ва қурбонлар сони 2 мингдан ошгани ҳақида маълум қилганди.
  • 7 апрел куни Мариупол мэри Вадим Бойченко шаҳарда камида 5 минг киши ҳалок бўлганини тасдиқлади.
  • Урушга қадар Мариупол шаҳри аҳолиси 430 минг кишини ташкил этган. Мэр Вадим Бойченконинг сўзларига кўра, апрел ойи бошида шаҳарда 100 минг атрофида киши қолган.
Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top