21:12 / 16.04.2022
6976
Ҳукуматнинг иқтисодий блоки ҳузурида жамоатчилик кенгаши тузилмоқда

Президент топшириғи билан Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ҳузурида йирик тадбиркорлар, олимлар ва фаол жамоатчилар иштирокида жамоатчилик кенгаши тузилмоқда. Кенгаш кимлардан ташкил топиши, нималар билан шуғулланиши ҳақида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Кun.uz'га гапириб берди.

Фото: Gazeta.uz

Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитаси ҳузурида йирик тадбиркорлар, олимлар ва фаол жамоатчилар иштирокида Жамоатчилик кенгаши тузилади. Бу борада 15 апрелда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев топшириқ берди.

“Охирги солиқ маъмурчилиги бўйича ўзгаришлар тадбиркорлар ўртасида кўплаб тушунмовчилик ва саволларни келтириб чиқарди”, деди президент.

Молия вазирлиги ва ДСҚга ҳар ҳафта тадбиркорлар билан учрашиш ва ижтимоий тармоқлар орқали тушган саволлар ва тизимли масалаларни муҳокама қилиш, уларнинг ечими бўйича таклифлар киритиб бориш топширилди.

Иқтисодчи Абдулла Абдуқодировнинг Кun.uz'га маълум қилишича, жамоатчилик кенгаши аъзолари рўйхати тузилиб, президентга киритилган.

У кенгашнинг вазифаларига ҳам тўхталиб ўтди.

“Бу жамоа кенгаши давлатнинг иқтисодий бошқариш органлари билан тадбиркорлар ўртасида солиқ ва молия соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилиш ва уларни ечиш йўлларини изловчи мунтазам ишловчи орган бўлади ва ДСҚ биносида ўз ишини ташкил этади.

Жамоа кенгаши фаолиятига турли илмий текшириш институтлари, уларнинг ходимлари ва зарур ҳолларда эса моддий-техник базаси жалб қилинади.

Жамоанинг асосий приоритетлари турли тадқиқот ишларини олиб бориб, солиқ ва молия соҳасидаги муаммоларнинг асл илдизини аниқлаб бериш, давлат ва фуқаролик институтлари ўртасида кенг диалог олиб бориш майдони бўлади”, – деди иқтисодчи.

Абдулла Абдуқодиров / Фото: Gazeta.uz

Шунингдек, Абдуқодиров кенгаш фаолияти аввалги “кенгашлар” сингари номига ташкил қилиниб, масалалар муҳокамасига жалб қилинмайдиган тузилмага айланиб қолиш хавфи ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

“Бундай хавф доим бор. Лекин “права не даются, права берутся!” Кенгаш нуфузи унинг аъзоларининг шиддати ва билимларига, приоритетларни тўғри қўйиб, уларни ўз вақтида ҳал этишига боғлиқ.

Кейин бу кенгашда жуда йирик эксперт ва мустақил тадбиркорлар бор. Улар бекорга вақтини сарфламайди”, – дейди у.

Аввалроқ, 1 июндан тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилиги соддалаштирилиши маълум қилинганди.

Ўзгаришлар айланмаси 1 млрд сўмдан ошган тадбиркорларга ҚҚС тўловчиси гувоҳномаси автоматик тарзда берилиши, қолаверса, 22 та турдаги текширув фақат Бизнес омбудсман рухсати билан амалга оширилиши каби янгиликларни ўз ичига олган.

Top