17:06 / 18.04.2022
24246
Ўзбекистонда долларнинг расмий курси яна пасайди

Марказий банк хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан 19 апрелда амалда бўладиган қийматини белгилади.

Унга кўра, долларнинг расмий курси 21,40 сўмга пастлаб, 11 278,02  сўмни ташкил қилди. Евро 46,82 сўмга пастлаб, 12 172,37 сўм бўлди. Рубль 1,68 сўмга кўтарилиб, 142,09 сўм бўлди.

Ўтган ҳафта охирида долларнинг расмий курси 20,58 сўмга пастлаб, сўнгги бир ой ичида илк бор 11 300 сўмдан пастга (11 299,42 сўм) тушганди.

Марказий банк маълумотига кўра, 2022 йил бошидан ўзбекистонликлар банклардан 1,7 млрд доллар миқдорида валюта сотиб олган. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 69 фоизга кўпроқдир.

Шунингдек, йил бошидан ўзбекистонликлар банкларга 2,1 млрд доллар миқдорида хорижий валюта сотган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 38 фоизга кўпроқдир.

Аввалроқ Россия рублининг ўзбек сўмига нисбатан сотиш ва сотиб олиш курси тижорат банклари томонидан мустақил равишда жорий халқаро котировкаларга асосан белгиланиб, кун давомида заруриятга кўра ўзгартириб борилиши мумкинлиги тўғрисида хабар берилганди.

Марказий банк таъкидлашича, Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан хорижий валютани (нақд ва нақдсиз шаклда) олиб кириш ва олиб чиқиш бўйича махсус тартиб ўрнатилган бўлиб, ушбу тартиб ички валюта бозорига кескин таъсир кўрсатиши мумкин бўлган миқдорларда пул оқимлари вужудга келишига йўл қўймайди.

Top